Ўзбекистон | 19:58 / 19.12.2024
27696
2 дақиқада ўқилади

“Бу шаҳар ичидаги, ҳамма қарши бўлган бомба эди” — Фарғонадаги портлаш ҳақида гувоҳлар нима дейди?

Ҳодисадан кейин “заправка” ҳудудидан ўтувчи кўчада ҳаракат чекланган ва атроф ўраб олинган. АГҚШ яқинида яшовчиларга эса яна газ сизиб чиқаётгани айтилиб, аҳоли яшаш уйларидан ташқарига чиқариб юборилган. Бу эса одамлар сарсонгарчилигига сабаб бўлмоқда. “Заправка” аҳолининг бошига мусибат келтирди, талафот кўрганлар жуда кўп”, демоқда Kun.uz’га интервю берган фуқаролар.

Фарғона шаҳридаги портлаш катта талафот келтирди. Kun.uz мухбири ҳодиса содир бўлган куннинг эртасига ҳудудда бўлиб, гувоҳлар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, ҳодисадан кейинги кун АГҚШ олдидан ўтувчи йўлда ҳаракат чекланган.

“Заправка” қурилаётган пайтда қаршилик қилгандик. Лекин улар арз-додимизга қулоқ тутмади. Энди эса жабрини оддий халқ тортяпти. Одамлар ўлди. Уйимиз вайрон бўлди.

Портлашдан кейин ҳам уйдан совуққа ҳайдаб чиқаришяпти. Яна газ сизиб чиқаётган эмиш. Уйимиз газдан узилган, овқат қила олмаяпмиз. “Свет” ёқишга қўрқиб қолганмиз. Ёш гўдаклар қишнинг қировли кунида кўчада изғишяпти. “Заправка” аҳолининг бошига мусибат келдирди. Ҳукуматимиздан яна бундай даҳшатли ҳодиса такрорланмаслиги учун шаҳардаги барча “заправка”ларни турар жойлардан четга кўчириб беришларини илтимос қиламиз”, дейди ҳодиса юз берган ҳудудда яшовчи фуқаро.

Унинг қўшимча қилишича, ҳудудда яшовчи аҳоли стресс ҳолатини бошдан кечирмоқда. Айниқса, ҳодиса ёш болаларга қаттиқ таъсир қилган.

17 декабр куни содир бўлиб портлаш оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, улар орасида болалар ҳам бор.

Kun.uz'нинг аниқлашича, портлаган шохобча Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов оиласига мансуб шахсларга тегишли.

Мавзуга оид