Жаҳон | 01:00 / 05.10.2024
35063
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 1000 марта ўтириб-туришга мажбурланган ўқувчи бутун умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин

Бола машқни 200 марта бажарганидан кейин оёқлари ўзига бўйсунмаётганини ҳис қилган, ўқитувчи эса келиб унинг оёғига тепган.

Фото: New.qq

Хитойда мактаб ўқувчиси ёзги лагерда ўқитувчиси томонидан 1000 марта ўтириб-туришга мажбурлангани сабаб бутун умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Қайд этилишича, боланинг онаси ўғлини жисмоний тайёргарлик машғулотлар дастурини ўз ичига олган ёзги лагерга бир ҳафтага юборган. Лагернинг охирги кунида 13 ёшли ўсмир бошқа бир тенгдоши билан гаплашиб турганида қўлга тушган.

Бунга жазо сифатида шу ернинг ўзида унга 1000 марта ўтириб-туриш буюрилган. Бола машқни 200 марта бажарганидан кейин оёқлари ўзига бўйсунмаётганини ҳис қилган, ўқитувчи эса келиб унинг оёғига тепган ва йигит йиқилган.

Шундан сўнг, бола ота-онаси етиб келгунга қадар 30 дақиқа ерда ётган. Натижада унга рабдомиолиз — мушаклар узилишига олиб келадиган касаллик ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, унинг буйрак ва жигарига зарар етгани аниқланган. Шунча муаммога қўшимча равишда, шифокорлар боланинг ота-онасига ўғли энди ҳеч қачон спорт билан шуғуллана олмаслигини маълум қилган.

Ўқувчи йигитга шифохонадан рухсат берилгач, у уйида қолиб, ҳасса ва ногиронлик аравачасида ҳаракатланган — бу эса унинг ўқишига салбий таъсир кўрсатган. Шунда боланинг ота-онаси лагер ташкилотчиларига мурожаат қилиб, ўғли олган жароҳат учун компенсация талаб қилган. Узоқ давом этган музокаралардан кейин боланинг даволаниши, репетитор хизматлари, транспорт харажатлари ва қолдирилган дарслар учун компенсацияни ташкилотчилар тўлашига келишилган.

Аввалроқ Андижон шаҳридаги 5-мактабда кечикиб келган ўқувчи қизлар ўтириб-туриш машқи билан жазоланаётгани акс этган видео Kun.uz’га келиб тушганди. Манбага кўра, мактаб директори дарсга вақтида келмаган болаларни ҳар куни шундай жазолайди.

Мавзуга оид