Даулетмурат Тажимуратов Жўқорғи Кенгеснинг олдинги ва ҳозирги раисларини судга чақиришни сўради
1 декабр куни Нукус шаҳрида тартибсизликлар келиб чиқишига сабабчи бўлган шахслар устидан давом этаётган очиқ суд мажлисида Даулетмурат Тажимуратовнинг кўрсатмаси тингланди.
1979 йилда туғилган, уюшган гуруҳ ташкил қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида 1−2 июл кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштирган асосий айбланувчи Даулетмурат Тажимуратов судда кўрсатма берди.
Ўз айбини олдинги суд мажлисида қисман тан олган Д.Тажимуратов инсонлар ўлимида ҳеч қандай айбдорлик ҳиссини туймаётгани, судланувчилар курсисида ўтирганларнинг айби йўқлигини таъкидлади.
«Бўлаётган ишларга қараб хулоса қилсам, ҳамма нарсада биз айбдордек бўлиб қоляпмиз. Гўёки давлатнинг ҳеч нарсада айби йўқдек. Давлатнинг қонунлари тўғри ишлагандек... Бу сиёсий иш бугун, эртага кўриб чиқилар, лекин ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Буларнинг бари тарихда қолади, бир неча бор қайта кўриб чиқилади», — деди Даулетмурат Тажимуратов.
Кўрсатмаси аввалида у Қорақалпоғистондан келган судя ва прокурорлар меҳмонхоналарга давлат ҳисобидан жойлаштирилгани, адвокатлар ва судланувчиларнинг яқинлари чўнтагидан харажат қилиб келганини таъкидлаб, уларга ҳам шароит яратилиши лозимлигига урғу берди.
Шунингдек, фуқароларга ўқ узилгани ҳолати бўйича Мудофаа вазирлигига сўров жўнатишни суддан илтимос қилди.
Сўровда халқнинг қўлида жанговар қурол, ов милтиғи ва бошқа қуроллар бўлганда ёки одамлар қўлида жанговар қурол эмас, совуқ қурол бўлганда уларга қарата жанговар қурол ишлатиш мумкинлигига аниқлик киритиш сўралган.
Даулетмурат Тажимуратов воқеа рўй берган кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири лавозимида ишлаган, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбаевни судда сўроқ қилишларини сўради.
«Агар суд одил бўлса, бу инсон шу ерга келиб саволларга жавоб берсин. Халқ бу одамга ишонади, гапларини тасдиқласин. Мен унга ишонмайман», — деди Тажимуратов.
Даулетмурат Тажимуратов шунингдек, воқеа юз берган кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимини эгаллаб турган Мурат Камаловга ҳам саволлари борлигини айтди.
Судланувчи ўзини тергов қилган Тошхўжаев ва Сухановни ҳам судга чақиртиришнинг имкони бўлмаётганини таъкидлади.
У шунингдек, «Ел хизматинде» газетаси бош муҳаррири Есимхан Қанаатов, Аҳмад Ёқуб масжиди имоми Ўралбай Дўсназаровни ҳам судга чақиришни талаб қилди.
Гувоҳ сифатида Мурат Камаловнинг ҳайдовчиси Султанбек Зияев, Қорақалпоғистон Давлат университети ректори Аҳмат Реимов, Улуғбек Жалменов, Жўқорғи Кенгес қўмитаси раҳбари Зуҳра Реимовани ҳам суд залида кўриш истаги борлигини айтиб ўтди.
Айблов хулосасига кўра 1979 йилда туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, «Ел хызметинде» адвокатлик бюроси адвокати, илгари «Ел хизметинде» газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаган Даулетмурат Тажимуратов Жиноят кодексининг 28,104-моддаси (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «а» банди, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244 (1)-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «а», «б», «г» бандларида кўрсатиб ўтилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1–2 июл кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят иши биринчи инстанция суди томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Е.Абибуллаев раислигида кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
15:23 / 26.12.2024
Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича комиссия парламентга ҳисобот берди
23:22 / 05.09.2024
Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан суд иши бошланди
14:07 / 24.01.2024
Блогер Отабек Сатторий 2024 йил баҳорида озодликка чиқиши айтилмоқда
12:51 / 11.01.2024