Ўзбекистон | 12:51 / 11.01.2024
25864
2 дақиқада ўқилади

Омбудсман Даулетмурат Тажимуратов билан учрашди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Нукус воқеалари бўйича қамалган Даулетмурат Тажимуратов жазо муддатини ўтаётган Навоий шаҳридаги жазони ижро этиш колониясида мониторинг ўтказди.

Фото: Омбудсман

Мониторинг ташрифи 5 январ куни Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари аъзолари иштирокида ўтказилган. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида маҳкумлар билан суҳбатлашилган, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилган. 

“Маҳкумларнинг ётоқ жойлари кўздан кечирилганида ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашилди. Суҳбат давомида Тажимуратов озиқ-овқат таъминоти яхшилигини, қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари мавжуд эмаслигини, керак бўлган вақтида тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, Даулетмурат Тажимуратовнинг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган ҳуқуқлари таъминламоқда. Унга алоҳида чекловлар ўрнатилмаган ёки имтиёзлар тақдим этилмаган. Шунингдек, ўтказилган суҳбат давомида маҳбусга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтириб ўтилган.

Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларнинг ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид