Жаҳон | 17:26 / 11.10.2024
7294
5 дақиқада ўқилади

АҚШ Ливанни Ғазога айлантирмасликни талаб қилди

Исроил урушни чўзмоқчи.

Фото: Getty Images

Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлмиш Қўшма Штатлар амалда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги позицияларига зарба берилишини қўллайди, шу билан биргаликда, тинч аҳолига, айниқса, Байрут ва унинг атрофидаги аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда етказиладиган зарарни минимумга туширишни ҳамда бу мамлакатдаги ҳарбий амалиётни Ғазодаги каби урушга айлантирмасликни талаб қилади.

Бу баёнот АҚШ президенти Жо Байденнинг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан сўнгги икки ой ичидаги илк бор ўтказилган телефон мулоқотидан кейин янгради. Байден ва Нетаняҳу Исроилнинг Эрон ракета ҳужумига эҳтимолий жавобини, шунингдек, Ғазодаги гуманитар вазият ва ҳамон Ҳамас қўлида қолаётган гаровдагиларни тезда озод этиш зарурлигини муҳокама қилишган.

Бу вақтда эса БМТ Исроил жангарилар бўйлаб зарбаларни давом эттираётгани, мамлакат ичкарисида муҳожирлик қилганлар сони 600 минг кишига етгани фонида Ливан «ҳалокатли» гуманитар инқирозга юз тутаётганидан огоҳлантирган.

«Ливан можаро ва ҳалокатли кўламдаги гуманитар инқироз қаршисида қолди», — деган БМТнинг Ливан бўйича махсус вакили Жанин Ҳеннис-Плассҳарт Исроил можарони кескинлаштирмаслик ҳақидаги чақириқларга қулоқ тутишидан умид қилиб.

Ливандаги гуманитар ёрдам бўйича координатор Имрон Ризо ҳам мамлакат ўзининг янги тарихидаги энг ҳалокатли даврлардан бирини бошдан кечираётганини таъкидлаб, «ҳатто урушларнинг ҳам ўз қоидалари борлиги»ни эслатган.

Аммо Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливанда уруш «Ғазода бўлгани каби узоқ давом этиши мумкинлиги»дан огоҳлантирган.

Исроил шунингдек, ҳар куни минглаб қочқинлар мамлакатни тарк этиш учун ҳаво йўлларидан фойдаланаётганига қарамай, Байрут халқаро аэропорти ва унга олиб борувчи йўлларга ҳужумлар бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.

«Биз фуқаролик объектларига зарбалар бермаймиз, аммо шу билан бирга, „Ҳизбуллоҳ“ ҳаракатлангани ёки унинг Исроил бўйлаб ракета учириш ниятини пайқасак, бундай ҳолатда ҳар қандай давлат қиладиган ишни қиламиз», — деган Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Дэнни Дэнон.

БМТ тинчликпарвар кучлари позицияси ўққа тутилиши

Пайшанба куни БМТнинг Ливандаги тинчликпарвар кучлари (ЮНИФИЛ) ўзининг Ливан жанубидаги позициялари ўққа тутилиши оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчиси енгил тан жароҳати олганини маълум қилди, бу ҳудудда «Ҳизбуллоҳ» ва Исроил армияси ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

ЮНИФИЛ вакилининг сўзларига кўра, тинчликпарвар кучларнинг учта позицияси ўққа тутилган. Исроил танки кузатув минорасини ўққа тутиши туфайли БМТнинг икки аскари жароҳатланган, бошқа икки позиция ўқотар қуроллардан ўққа тутилган, бу ҳолатларда ҳеч ким жароҳатланмаган.

Аввалроқ «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти ўз жангчилари қўл гранатомётларини қўллаган ҳолда Исроил қўшинининг чегарадаги ҳужумларини муваффақият билан қайтараётганини маълум қилганди.

Исроил шимолидаги Кирят-Шмона шаҳрига ракеталар билан зарба берилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган, соҳилдаги Кесария шаҳри устида яна иккита ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали тутиб қолинган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил авиазарбалари оқибатида Байрутнинг жанубий-шарқий чеккасида камида тўрт киши ҳалок бўлганини хабар қилган, бу ҳудуд шу вақтга қадар зарбалардан холи бўлиб қолаётганди.

Пайшанба куни Ливан бош вазири Нажиб Микати Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида қайд этишича, БМТ Хавфсизлик кенгашида Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинадиган мажлис бошланишидан олдин инқирозли ҳолатдан чиқиш йўлини топиш ва Ливанда сулҳга эришишга қаратилган дипломатик фаоллик кескин ошган.

«АҚШ ва Франция ўртасида сиёсий ечим излашга қайтиш учун сулҳ битимини маълум муддатга янгилаш мақсадида қатор алоқалар йўлга қўйилмоқда», — дея ёзган ливанликлар бош вазири.

Исроил қуруқлик кучлари Ливанга 30 сентябр куни, «Ҳизбуллоҳ» томонидан сўнгги бир йил давомида йўлланган ракета ва артиллерия зарбаларига жавобан бошланганди. Исроил ҳукумати бу амалиёт орқали ўз уйларини тарк этган минглаб исроилликлар қайтиши учун мамлакат шимоли хавфсизлигини таъминлаш мақсад қилинганини билдирган.

Мавзуга оид