Ўзбекистон | 18:39 / 11.10.2024
12765
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини судга берди

Ҳуқуқшунослик фанидан тест ечган абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тавсия этмаган қонун ва кодекслардан савол-топшириқлар тушганидан норози бўлган эди. Бунга жавобан агентлик амалдаги давлат таълим стандатлари ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаганини таъкидлади. Энди можаро судда кўриб чиқилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Бир гуруҳ абитуриентлар Билим ва малалакаларни баҳолаш агентлигини судга берди. Бу ҳақда адвокат Мухриддин Шамсиддинов маълум қилди.

«Жорий йил июль ойида юридик йўналишларга имтиҳон топширган абитуриентларга моддалар санкцияларидан (қанча жарима белгиланган, неча йилга «қамалади» каби) саволлар тушган. Университетда ўқиб юрган вақтларимда устозларим модда санкциясини ёдлашни қатий ман этарди. Яъни биз умуман санкция ёдламасдик. Чунки биринчидан, ёдлашни умуман имконияти йўқ, иккинчидан, бу келгуси фаолиятда умуман керак бўлмайди», деб ёзди адвокат.

Шамсиддинов адвокат сифатида ишга киришганини маълум қилди. Иш Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилиши мумкин.

Аввалроқ, ҳуқуқшунослик фанидан тест ечган абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тавсия этмаган қонун ва кодекслардан савол-топшириқлар тушгани бўйича шикоят қилган эди.

Бунга жавобан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлари рўйхатини ўз сайтига аввалдан жойлаштирганини маълум қилган. Амалдаги давлат таълим стандатлари ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаганини таъкидлаган. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса агентликнинг бу баёнотини «ёлғон ва сафсата» деб атаганди.

Мавзуга оид