Ўзбекистонда профессионал ва олий таълим йўналишларига ўқишга кириш учун давлат имтиҳонлари 14 июл куни бошланган эди. Ҳуқуқшунослик фанидан тест ечган абитуриентларнинг Kun.uz'га айтишича, тест саволларини тузишда белгиланган адабиётлардан четга чиқилган.

Абитуриентларга кўра, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тавсия этмаган қонун ва кодекслардан савол-топшириқлар берилган.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясига ҳурматсизлик кўрсатганлик учун қанақа жазо тайинланади? Китобда бунақа маълумот йўқ. Мадҳия тўғрисидаги қонунни очиб кўрсам, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача жарима 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари экан. Яна бир тестда президентлик сайлови ва референдум пайтида мадҳия соат нечада айтилади? Бошқасида эса молиявий назорат органлари сўралган”, – деб ёзган мурожаатчилардан бири.

Шунингдек, бундай мурожаатлар ижтимоий тармоқларда ҳам айланиб юрибди. Жумладан, бир мурожаатда давлат рамзлари тўғрисидаги қонунлар (байроқ қачон кўтарилиши, мадҳия соат нечада айтилиши ва ҳ.к.), давлат бюджети тўғрисидаги қонунлар сўралгани айтилади.

Билимини текшириш учун тестга кириб чиққан бир юрист ҳам саволларни кўриб ҳайрон қолганини ёзган. “Саволлар мени қийнаб қўйди. Аламлиси, метродан фойдаланиш қоидаларини бузса, жарима миқдори сўралган. Вилоятлик бола метродан фойдаланишни билмайди, кўрмаган бўлса, жаримани қаерда билсин. Бундан ташқари санкцияларни ҳатто профессор юристлар ёддан билмайди”, – деб ёзган у.

Тармоқларда тарқалган бир ўқув маркази ходими абитуриентларига ҳуқуқ фанидан берилган 30 та саволнинг 15 таси Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексидан тушганини, бундай ҳолат бошқа абитуриентлар билан ҳам содир бўлганини маълум қилган.

Норозиликлар кўпайгач, ҳолатга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий муносабат билдирди. Агентлик тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлари рўйхатини ўз сайтига аввалдан жойлаштирганини эслатган.

Шунингдек, агентлик амалдаги давлат таълим стандатлари ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаганини маълум қилган.