17:53 / 15.09.2016
22147

Акаев: АҚШ Марказий Осиёга кириш учун терроризмни рўкач қилган

Халқаро терроризмга қарши кураш ва Афғонистондаги ҳарбий операцияси АҚШнинг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Марказий Осиё минтақасига кириш учун баҳона бўлган холос, деб ҳисоблайди Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Асқар Акаев.

2001 йили АҚШ Афғонистонда ҳарбий амалиётларини бошлаш учун Қирғизистон ва Ўзбекистонда ҳарбий базаларни ижарага олганди. 

"2001 йили Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари, дунёнинг аксар давлатлари Бушнинг халқаро аксилтеррор коалицияни шакллантириш чақириғини қўллаб-қувватлади. Чунки, 11 сентябрь терактлари жаҳон аҳолисига жиддий таъсир кўрсатган эди. … Бироқ, кейинчалик одамлар америкаликларнинг кўпгина бошқа мақсадлари ҳам бўлганлигини билишди. Уларнинг халқаро террорчиларни бир бошидан йўқ қилишни хоҳламагани аён бўлди. Аксинча, дунёнинг айрим ҳудудларидаги геосиёсий мақсадларини амалга ошириш учун террорчиларни етиштиришди ҳам", — дея баёнот берган Асқар Акаев РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.

Унинг фикрича, америкаликлар бир вақтнинг ўзида бир нечта мақсадни кўзлашган. АҚШ терроризмга қарши курашишдан ташқари, Ўрта Осиёдек стратегик муҳим минтақада мустаҳкам ўрнашиб олишни истаган. 

"АҚШ ўзини дунёдаги барча мамлакатларининг қўшниси деб билади. Уларнинг барчаси Вашингтон манфаатларига киради. Гўё Америка вазифаси вазиятни назорат қилишдан иборат. Шунга кўра, улар Марказий Осиё минтақасини назорат қилишни мақсад қилган", — деган Акаев.

Хусусан, АҚШ Қирғизистон ҳудуди орқали Россия, Хитой ва Ҳиндистонга нисбатан разведка фаолиятини олиб бормоқчи бўлган. Бундан ташқари, "улар Форс кўрфазидан Хитойга тўғридан-тўғри энергия манбаларини етказиб бериш йўналишини тўсиб қўйди, чунки шундай қувурлардан бири Афғонистон ва Эрон орқали Форс кўрфазига чиқиши мумкин эди".

"АҚШ Хитойнинг энергия захираларига бу қадар осон эришишини хоҳламас эди. Ҳозирда, Хитой глобал етакчига айланмоқда. ...Ҳозирда, биз АҚШ ва ХХРнинг жаҳон миқёсида етакчилик учун курашига гувоҳ бўлаяпмиз", — деб ҳисобламоқда собиқ Қирғиз раҳбари. 

Асқар Акаев АҚШнинг терроризмга қарши курашда жиддийлигини ҳам шубҳа остига қўйган. 

"Уларнинг бу "кўнгилхуши" 15 йилдан бери давом этиб келаяпти… Хўш, терроризмга барҳам берилдими? Афтидан, уларнинг бундай мақсади йўққа ўхшайди. Аксинча, уларнинг вазифаси террорчиларни назорат қилиб, ўзларига ёқмаган ҳукумат ёки давлатларга қарши йўналтириб туришдир", — деган Акаев.

Унинг баҳолашига биноан, айни вақтда 2001 йил 11 сентябрь воқеаларининг террорчиларга қарши кураш учун етарли асос бўлганига ишониш қийин бўлса-да, америкаликлар бундан унумли фойдаланиб қолишган. 

"Ҳозирда, ойдинлашича, аслида теракт ташкилотчилари Афғонистонда эмас, балки Капитолий айтаётганидек, АҚШнинг Яқин Шарқдаги қалин иттифоқчиси Саудия Арабистонида бўлган. Шунга қарамай, улар дунё ҳамжамиятининг кўзига ниқоб тортишди", — деб фикрига хулоса қилган Акаев.
 

Top