07:55 / 28.09.2016
10415

Исроилнинг собиқ президенти Шимон Перес вафот этди

Исроилнинг собиқ президенти Шимон Перес 28 сентябрда Тель-Авивда 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Исроилнинг расмий ахборот агентлигига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди. 

27 сентябрда Переснинг соғлиғи кескин ёмонлашгани маълум бўлган. Шифокорлар унда буйрак етишмовчилиги ва бошқа салбий аломатларни аниқлашган.

Перес 13 сентябрда Тель-Авив яқинидаги шифохонага инсульт ташхиси билан ётқазилганди. У ўз ҳушида бўлиб, соғлиғи барқарор дея баҳоланган. Шифокорлар ўша куннинг ўзида уни сунъий кома ҳолатига ўтказишга қарор қилишган.

Шимон Перес 1923 йил 2 августда ўша пайтда Польшанинг Новогруд воеводалигидаги Вишнява деган  жойда (ҳозирда Беларуснинг Минск вилояти) туғилган. Отаси ёғоч материаллар сотиб олиш билан шуғулланган, онаси эса рус тили ўқитувчиси бўлган. 1934 йилда Переснинг оиласи Фаластинга кўчиб ўтган.

Перес 1984 йилдан 1986 йилгача Исроилнинг 9- ва 1995 йилдан 1996 йилгача 12-бош вазири, 2007 йилдан 2014 йилгача президенти бўлган. 12 та ҳукуматда турли вазирликлар раҳбарлари лавозимларини эгаллаган. Фаолияти 70 йил давом этган, Исроилнинг энг кекса сиёсатчиси ва давлат арбоби бўлган.

Перес 1994 йилда Ясир Арофат ва Ицхак Рабин билан тинчлик учун Нобель мукофоти билан тақдирланган.

 

Top