Жаҳон | 08:52 / 21.11.2016
11506
2 дақиқада ўқилади

ОТИҲ саммити иштирокчилари якуний декларацияни қабул қилишди

Фото: Россия президенти матбуот-хизмати

Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари Лимада бўлиб ўтган саммит юзасидан якуний декларацияни қабул қилишди. Ҳужжат матни анжуман сайтида эълон қилинган

Унда молиявий ва инсон захираларидан самарали фойдаланиш, эркин савдони ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, одамлар турмуш даражасини ошириш каби жаҳон иқтисодиётининг асосий масалалари юзасидан фикрлар билдирилган. 

Ҳужжатда, жумладан, жаҳон иқтисодиёти сўнгги 8 йилда тикланаётгани, аммо тобора жиддий чақириқларга дуч келаётгани таъкидланади. 

ОТИҲ етакчилари, шунингдек, рақобатбардошликни кучайтириш мақсадида валюталарни қадрсизлантириш ва сунъий таъсир кўрсатиш билан уларнинг алмашув курсларини ўзгартирмаслик ҳамда протекционизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишга келишиб олишган. 

Якуний декларацияда Осиё-Тинч океани эркин савдо ҳудудини барпо этиш ғояси ОТИҲ кун тартибини ҳаётга татбиқ этиш экани хусусида сўз борган. Унда иштирокчи томонлар мустақил равишда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, истиқболли минтақавий савдо келишувлари ва эркин савдо битимларини имзолашга чақирилган. 

Шу билан бирга, ОТИҲда декларацияни имзолаган томонлар, бозорлар очиқлигини сақлаб қолиш, протекционизмга қарши кураш сифатида шу каби чораларга қўлланилган мораторийни 2020 йилга қадар узайтириш борасида якдиллигини изҳор қилишган. 

Эслатиб ўтамиз, 19-20 ноябрь кунлари Перу пойтахти Лима шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити бўлиб ўтди. У «Сифатли ўсиш ва инсон захиралари тараққиёти» мавзуси негизида ташкил этилди. 


 

Мавзуга оид