09:36 / 18.12.2016
4864

Боливия президенти яна бир президентлик сайловларига номзодини қўймоқчи 

Фото: AP

Боливия президенти Эво Моралес ўз номзодини 2019 йиллардаги президентлик сайловларига қўйиш борасида 17 декабрда "Социализмга ҳаракат" ҳукмрон партиясининг конгресси билдирган таклифга рози бўлди. 

"Агар халқ Эво билан қайта сайловга боришимизни айтаётган бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ, унда биз ўнгларни тор-мор қилишни давом эттирамиз", деб Моралес айтган сўзларни келтириб ўтган Deber портали.

Жорий йил февралида Боливияда конституцияга Моралесга 4-муддатга қайта сайланишга рухсат берувчи ўзгаришларни киритиш бўйича референдум ўтказилганди. Ўшанда бу ўзгаришларга 51,3 фоиз овоз берувчилар қарши чиққан, 48,7 фоизи эса қўллаб-қувватлаган. Ўшанда Моралес фуқароларнинг истакларини тан олишини айтганди, бироқ энди референдумни "ёлғон ғалабаси" деб таърифламоқда.

Ҳукмрон партия Моралесга нисбатан ҳаракатларнинг 4 та вариантини таклиф қилмоқда. Булар конституцион ислоҳот, яна бир референдумнинг ўтказилиши, Моралеснинг сайловларга 6 ой қолганда истеъфога кетиши ёки фуқаролар номидан  конституцион судга мурожаат бўлиши мумкин.

2013 йилда конституцион суд Моралесга, мамлакат конституциясида президент лавозимини кетма-кет 3 марта эгаллаш тақиқланганига қарамасдан, унга учинчи марта президент лавозимига даъвогарлик қилишга рухсат берганди. Ўшанда бу қарор мухолифат томонидан кескин танқидга учраганди, бироқ Моралес 2015 йилдаги сайловлар натижаларига кўра, ишончли ғалабага эришиб, 3-муддатга президент бўлиб қолганди.

Top