Жаҳон | 12:06 / 19.12.2016
4659
2 дақиқада ўқилади

Пекин мактаблари ҳавонинг кучли ифлосланиши туфайли уч кунга ёпиб қўйилди

Фото: EPA

Хитой пойтахти Пекин шаҳри ҳукумати ҳаво ифлосланиши туфайли ўқув муассасаларидаги машғулотларни уч кунга бекор қилди. Бу ҳақда Хитой Марказий телевидениеси хабар берган.

Айни дамда шаҳарда ҳаво ифлосланишининг энг юқори – қизил даражаси эълон қилинган. Бу эса транспорт ҳаракатини чеклаш, қурилиш объектларидаги ишларни тўхтатиш, болалар боғчаларини ёпиб қўйишни назарда тутади. Саноат корхоналарига эса чиқиндиларни атмосферага чиқаришни камайтириш мажбурияти юклатилди. Фуқароларга зарур бўлмаган ҳолларда кўчага чиқмаслик тавсия этилган. 

Пекинда маҳаллий вақт бўйича соат 11.00 ҳолатига кўра соғлиқ учун зарарли бўлган ПМ-2,5 митти қаттиқ зарралари зичлиги бир куб метрга 216 мкг.ни ташкил этган. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра бундай зарраларнинг ҳар кунги хавфсиз миқдори бир куб метрга 25 мкг.ни ташкил қилиши керак.

Маълумот учун, Хитойда ПМ-2,5 асосан автотранспорт ва кўмир электростанциялари сабаб юзага келади. Унинг таркибидаги зарралар ўпка ва қон томирларига кириб, турли оғир хасталикларга олиб келиши мумкин. 
 

Мавзуга оид