Жаҳон | 18:11 / 13.01.2017
7115
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея собиқ президентининг акаси 15 ойга қамалди

Жанубий Корея собиқ президенти Ли Мён Бакнинг акаси – Ли Сан Дик коррупция билан боғлиқ иш бўйича 15 ойга қамалди. У ноқонуний ҳаракатларини мамлакатдаги энг йирик пўлат компанияларидан бири - POSCO иштирокида амалга оширган. Бу ҳақда Ёнҳап агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Сеул округ суди Ли Сан Дикни дарҳол қамоққа олмаган. Бу унинг кекса ёшда экани ва соғлиғи билан боғлиқ. Собиқ президентнинг акасига қарши айбловлар 2015 йилнинг охирида қўйилганди. Уларда келтирилишича, Ли Сан Дик ўзига тегишли бўлган учта компанияга POSCO’дан молиявий кафолат олишга ёрдам берган.

Шу билан бир қаторда, пўлат компаниясининг собиқ раҳбари Чон Сув Янга нисбатан порахўрлик билан боғлиқ бўлган айбловлар далилларнинг етишмаслиги туфайли бекор қилинди.

Маълумот учун, Жанубий Кореянинг собиқ президенти Ли Мён Бак ҳукуматни 2008-2013 йилларда бошқарган.

Мавзуга оид