Жаҳон | 18:49 / 14.01.2017
6016
2 дақиқада ўқилади

КХДР қитъалараро баллистик ракетани синаб кўришга тайёргарликни якунламоқда

Шимолий Корея республикаси "қитъалараро баллистик ракеталар (ҚБР) синовига тайёргарликни якунламоқда". Бу маълумотларни мамлакат ҳукуматининг "Минчжу Чосон" газетаси тасдиқлади. Нашрнинг ёзишича, бу турдаги қуролни ишлаб чиқариш - "Қўшма Штатлар томонидан тобора кучайиб бораётган ядровий таҳдид қаршисида мамлакатнинг ҳарбий мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги чоралардан бири ҳисобланади".

КХДР суверенитети ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун ҚБРни барпо қилиш, дейилади мақолада, "ҳеч қандай халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эмас, аксинча мустақил мамлакатнинг қонуний ҳуқуқи ҳисобланади".

"Минчжу Чосон"нинг огоҳлантиришича, расмий Пхеньян "АҚШ ва унинг вассаллари КХДРга таҳдидлар қилиб, республикага қарши қаратилган турли ҳарбий амалиётлар ўтказар экан, ўзини мудофаа қилиш ҳамда превентив ядро зарбаси бериш мақсадида ўз ядро салоҳиятини кучайтириб бораверади".

Газета президент Барак Обаманинг "Пхеньянга қарши қўшимча санкциялар қўллаш учун Шимолий Корея томонидан амалга оширилаётган фитналар ва хавф-хатарлар"ни баҳона қилишини "кулгили" дея баҳолаган. 

КХДР етакчиси Ким Чен Ин янги йил табригида янги ҚБРни синашга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида айтган эди. 

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси КХДРга баллистик ракета синовларини ўтказишни тақиқлайди. Расмий Пхеньян бу ҳужжатларни тан олмайди ҳамда Вашингтоннинг ҳозирги душманона сиёсати боис, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳуқуқига эга эканини таъкидлайди. 

Мавзуга оид