Жаҳон | 11:48 / 18.01.2017
7825
2 дақиқада ўқилади

Марказий разведка бошқармаси ўзининг 13 миллион архив ҳужжатларини тақдим этди

Фото: © AFP

АҚШ Марказий разведка бошқармаси 13 миллион архив ҳужжатларини тақдим этди. Бу ҳақда CNN телекомпанияси хабар бермоқда.
 
Унинг маълумотларига кўра, махфийлик мақомидан чиқарилган ҳужжатлар маҳкаманинг 1947-1990 йиллардаги фаолиятига тегишли. Улар МРБнинг “совуқ уруш”, шунингдек, Вьетнам ва Кореядаги ҳарбий можаролардаги иштирокига ойдинлик киритади, деб хабар берди телеканал.

Аввалроқ ушбу ҳужжатларни фақатгина Мэриленд штатидаги миллий архивлар биносида жойлашган тўртта компьютер орқали кўриш имкони мавжуд бўлган. CNN’нинг таъкидлашича, МРБ архивдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини 2017 йилнинг охирида тақдим этишни режалаштирганди, бироқ ҳужжатларни тақдим этиш бўйича тайёргарлик ишлари муддатидан аввал якунланди.

МРБ вакили Фритц Хорнякнинг сўзларига кўра, ҳақиқатдан ҳам бутун архив тақдим этилган. “Бу бутунбошли тарих, унда ижобий ҳам, салбий ҳам маълумотлар етарлича”, - деди у.

Хорнякнинг маълум қилишича, ҳужжатларнинг аксарият қисми таҳрирдан ўтказилган. Бу уларда кўрсатилган маълумот манбаларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган.
 

Мавзуга оид