АҚШнинг Эронга санкцияларини кучайтириши нефть нархини оширмоқда
АҚШнинг Эронга нисбатан санкциялари кучайтирилгани ортидан жаҳон нефть нархлари ҳам ошмоқда. Нефть бозори савдосига доир рақамлар шундай дейишга асос бўлмоқда.
Тошкент вақти билан соат 10:18га келиб, Brent навли нефть аралашмасининг апрель ойи учун фьючерс савдоларидаги нархи 0,35 фоизга қимматлашиб, бир баррели 57,01 доллардан сотилган. WTI навининг март ойи фьючерси ҳам 0,35 фоизга кўтарилиб, бир баррели 54,02 долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон 29 январда баллистик ракета синовини ўтказганига жавобан, Вашингтон Теҳронга нисбатан рўйхатини кенгайтирган эди.
Трейдерларнинг қайд этишларича, АҚШ ва Эрон муносабатларидаги кескинликнинг кучайиши Америка санкцияларининг янада қатъий тус олишидан дарак бериши мумкин, деб хабар қилади Рейтер агентлиги. Бу эса Эрон нефть экспортига таъсир қилиши эҳтимол.
Бироқ, нефтнинг қимматлашуви АҚШнинг ушбу соҳадаги фаоллиги билан мувозанатга келтирилмоқда. Хусусан, Американинг Baker Hughes нефтгаз сервис компаниясига доир маълумотлар шундай дейишга асос бўлмоқда. Ташкилот ҳисоботига кўра, 3 февраль ҳолатига биноан, АҚШдаги нефть қазиб олиш бурғулари сони 17тага ёки 2,4 фоизга кўпайиб, жами 729тага етган. Йиллик кўрсаткичда 158 та янги бурғилаш ускуналари ўрнатилган.