Андижон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да футболчилардан “Маҳорат дарси”
Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт Бошқармаси ташаббуси билан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги Болалар шаҳарчасида хайрия тадбири ташкил қилди.
Эзгулик, меҳр-мурувват, одамийлик ва оқибат каби хислатлар ўзбек халқининг томири, қон-қонида жўш урадиган фазилатлардандир. Халқимизда “Мурувват дилни поклайди” деган пурмаъно ҳикмат бор. Ота-боболаримиз азал-азалдан меҳрга муҳтож инсонларни йўқлаб, уларга мурувват кўрсатишни ўзига эш билиб келганлар.
Андижон шаҳридаги ушбу "Болалар шаҳарчаси" юртимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Мазкур мажмуа 16 та замонавий уй-жой, ёпиқ сузиш ҳавзаси, бокс ва гимнастика заллари, стадион, ёзги амфитеатр ҳамда мусиқа залини ўзида мужассамлаштирган. Масканда 80 нафар тарбияланувчи таълим ва тарбия олади.
Ўтказилган учрашув давомида “Андижон” клуби футболчилари Анвар Бердиев ва Иброҳим Отахонов, Санжар Асқаралиев, Фарҳод Бекмуртов болалар томонидан берилган қизиқарли саволларга жавоб берди. Сўнг футбол клуби аъзолари ва тарбияланувчиларнинг икки жамоаси майдонда бир-бирларига қарши тўп суришди.
Тадбир давомида болажонларга Андижон жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, “Андижон” футбол клуби томонидан футбол тўплари ва спорт анжомлари совға қилинди.
- Бугунги учрашув давомида болажонлар юзидаги табассум, қувончни кўриб жуда таъсирландик,-дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари Озодбек Саидов. - Бошқармамиз шаҳарчадаги тарбияланувчиларнинг истаган спорт турлари билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиб беради. Маскан мутасаддилари билан мунтазам равишда бугунгидек тадбирлар ўтказишни ҳам режалаштириб олдик.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон
Мавзуга оид
15:02 / 25.12.2024
Айрим мактаб ходимларига устамалар тўлаш такомиллаштирилади
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
19:39 / 19.12.2024