15:22 / 17.04.2017
23405

Путин Ўзбекистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлади

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Ўзбекистон билан билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-полковник Қобул Бердиев ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 2016 йилнинг 29 ноябрь куни Москва шаҳрида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни ва икки мамлакат ҳарбий идоралари ўртасида 2017 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режасини имзолаганди.

Шартномага кўра томонлар Россия ва Ўзбекистонда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, икки мамлакат Қуролли кучларининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш, ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича қўшма тадбирларни амалга оширади.

Шунингдек, битим доирасида томонлар бир-бирига ҳарбий мақсадлардаги маҳсулотлар — қурол-яроғ, ҳарбий техника, ишлар, хизматлар ва бошқаларни етказиб бериши мумкин. Бундан ташқари, томонлар қурол-яроғ ва ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларини ҳам бажаради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни «Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолаганди. 

Путин ва Мирзиёев ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида гаплашишди

Top