18:51 / 23.05.2017
5376

“Нуроний” жамғармаси уруш қатнашчиларига 55,2 миллион сўмлик дори-дармонлар етказиб берди

2017 йил 23 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан “Нуронийларнинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги ўрни” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раҳбарияти, масъул ходимлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

2016 йил 28 декабрда Президентнинг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш  “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ҳамда “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар кексаларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини янада такомиллаштириш, қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш “Нуроний” жамғармаси олдига бир қатор муҳим вазифалар қўяди. Чунончи, ёшларни Ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялашга қаратилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш, кексалар турмуш сифатини янада яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида жойларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида Фармоннинг 10-банди ижроси 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият” шиорлари асосида ўтказилган тадбирлар мисолида таҳлил қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу мақсадларни самарали амалга оширишда дастуриламал бўлгани алоҳида таъкидланди. 

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида юртимиз озодлиги, шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган турли бадиий кечалар, учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди, кексаларга алоҳида иззат-икром кўрсатилди. Улар моддий рағбатлантирилди. 

Хусусан, 1941-1945 йилларда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида 2017 йил 1 майгача юртимиздаги 1615 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига икки миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари тўлиқ ва тантанали вазиятда топширилди. 

Шунингдек, уларга Президент номидан совға-саломлар, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган замонавий автомобилларни имтиёзли харид қилиш махсус сертификатлар топширилди. 12 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси уй-жой билан таъминланди. Шу мақ¬садида жамғарма ҳисобидан 1 миллиард 301 миллион сўм маблағ ажратилди. 172 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг уй-жой таъмирланиб, бу ишлар учун 2 миллиард 322 миллион сўм ажратилди. 135 нафар эҳтиёжманд уруш қатнашчиси ногиронлик аравачаси, эши¬тиш мосламаси ва бошқа зарурий жиҳозлар учун 131,35 миллион сўм маблағ сарфланди. Уруш қатнашчиларига 55,2 миллион сўмлик дори-дармон воситалари етказиб берилди.

Top