Ўзбекистон | 13:43 / 07.06.2017
135039
11 дақиқада ўқилади

Икки томонлама ютиш: «Очиқ» конвертация шароитида Ўзбекистонни нималар кутмоқда?

Ўзбекистонда валюта сиёсатининг эркинлаштирилиши ҳақидаги гап-сўзлар ўтган йилнинг ноябрь ойида пайдо бўлган эди. Президентнинг бу ҳақидаги қарорининг лойиҳаси муҳокама учун давлат интерактив хизматлари ягона порталига ҳам жойлаштирилди. Кўпчилик қарор 2017 йилнинг бошида қабул қилинади, деб ўйлаётган эди, бироқ орадан мана ярим йил ўтдики, эркин конвертация йўлида ҳозирча МБнинг расмий курси ҳафтасига 20–30 сўмдан ошиб бораётганидан бошқа ҳеч қандай қадам ташланганини кўраётганимиз йўқ.

UZ24 экспертлардан бирини суҳбатга чорлаб, конвертация «очиб» юборилса нималар бўлиши ва бундан ким ютиши ҳақида гапириб беришни сўради.

Халқаро валюта мажбуриятлари

Мамлакатда конвертация очилиши учун, ўша конвертация деганлари аввало ёпилган бўлиши керак. Ўзбекистон 2003 йилнинг 15 октябрида ХВФ уставининг саккизинчи моддасига кўра, жорий операциялар бўйича миллий валютани конвертациялаш мажбуриятни олган, ўшандан бери бу мажбуриятлардан расмий равишда бўйин товламаган, имзосини қайтариб олмаган, де-юре (юридик жиҳатдан) конвертация бизда ёпиқ эмас. Гап шундаки, мамлакат айни пайтда ўз гарданига олган мажбуриятларни мутлақо бажармаяпти. Бу мажбуриятларга кўра Ўзбекистонга қуйидагилар мумкин эмас:

•  жорий халқаро операциялар бўйича тўлов ва ўтказмаларни амалга оширишга чекловлар жорий қилиш;
• бирор-бир дискриминацион валюта битимларида қатнашиш ва унга йўл қўйиб бериш ёки кўплаб айрибошлаш курслари амалиётидан фойдаланиш;

Бундан ташқари, Халқаро валюта фондига аъзо бўлган бошқа бир давлатдан мамлакат ўзининг миллий валютаси қолдиқлари сотиб олишни амалга оширишга мажбур.

2003 йил охиридан 2008 йил ўртасигача Ўзбекистон жорий операциялар бўйича миллий валютани конвертациялаш бўйича мажбуриятларни аниқ ва изчил амалга ошириб келган. Айнан шу йиллари мамлакат экспорти чиройли ўсиш кўрсаткичларини кўрсатиб, беш йил ичида уч мартага ошган — 2,7 млрд. доллардан 11,5 млрд. долларга етган. Шу давр ичида ЯИМ ҳам жорий нархларда 2,8 марта ошган, бу эса экспорт ҳажмининг ўсиши ва ЯИМ ўсиши ўртасида ижобий корреляция борлигини тасдиқлайди. Мамлакатнинг макроиқтисодий муваффақиятлари албатта, миллий валютанинг девальвация, сўнгра бунинг кетидан конвертация қилиниши билан боғлиқ бўлган.

2008 йилги жаҳон кризисининг таъсири

Дастлабки муаммолар 2008 йили АҚШда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий кризиси туфайли пайдо бўла бошлади. Келаётган молиявий таҳдидлар важи билан, бошқа ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, қўшниларимиз ва асосий савдо ҳамкорларимиз ҳам тутган йўл — миллий валютани девальвация қилиш ўрнига, аввалига оғзаки, сўнгра бюрократик чекловлар жорий этила бошланди.

Аввалига валюта айрибошлаш шохобчаларида жисмоний шахслар учун чекловлар жорий этилди, сўнгра халқ истеъмоли моллари импорти билан шуғулланувчи субъектларга ҳам рухсатга тақиқ қўйилди, кўп ўтмай инвесторларнинг ўз фойдасини ватанига қайтариши (репатриация)га ҳам навбат етиб келди.

Бунга жавобан дарҳол параллел бозор —  валюта маблағларини олиб чиқиб кетиш ва айрибошлашнинг гибрид схемалари пайдо бўлди. Бу чекловларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва ишчи ўринларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш шиори остида жорий этилаётган эди. Алал-оқибатда айнан ишлаб чиқарувчилар чекловлардан энг кўп зарар кўрган қатлам бўлди, чунки улар технологияларини янгилай олмай, импорт хом ашёси харид қилишда қийнала бошлади. Экспортчилар эса сўмнинг бозорга оид бўлмаган курси сунъий ушлаб турилганлиги туфайли ташқи бозордаги рақобатчиларига ютқаза бошлади, ишчи ўринлар қисқара бошлади (энг катта миграция оқими айнан эркин конвертацияга чеклов жорий этилганидан кейинги йилларда рўй бериб, жараён ҳамон давом этмоқда).

Хатонинг баҳоси

2009–2014 йилларда меҳнат мигрантларидан келаётган трансферлар ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши ҳукуматни янглиш тўхтамга келишга мажбур қилди. Улар ўзлари томонидан жорий этилган, конвертацияга эркин эга бўлишни чеклаш механизми рационал ва иш бераяпти, деб ўйлай бошлашди. Ҳақиқатдан ҳам, кўплаб тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг валютага бўлган талабини меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари қоплай бошлади, бу эса валюта курсига босимни анча пасайтирар, расмий ва бозор курси ўртасидаги фарқ 20–30 фоиз атрофида сақланиб турилган эди. Таассуфки шартли консенсус 2014 йилгача, яъни Россияга нисбатан хорижий санкциялар жорий этилганга қадар амал қилди. Энди эса биз яна 2000-йиллар бошидаги вазиятга тушиб қолдик. Фарқи шундаки, энди иқтисодий ўйинчилар ва молиявий марказлар бозори каррасига катта, мамлакат эса халқаро иқтисодиётга боғлиқ: ўз-ўзидан, хато ва ҳаракатсизликнинг, ишни кейинга ташлашнинг баҳоси жуда улкан бўлади. 

Ўтган марта, мамлакат бу муаммо бўйича иродали қарор қабул қилганида, конвертация очилиши учун барча жараёнларга деярли икки йил вақт кетган эди. Чунки ўшанда тегишли қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар базаси йўқ эди. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ва ХФВ иқтисодий ва молиявий сиёсат бўйича меморандум имзолаган эди. Айнан шунинг учун жорий халқаро операциялар бўйича миллий валютани конвертация қилишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар Дастури тасдиқланганди. Ҳозир буларнинг барчасига зарурият йўқ. «Конвертацияни очиш» — бу валютага оид тартибга солиш ишларини қонунчилик майдонига қайтариш, дегани. Жорий операциялар бўйича миллий валютани конвертация этиш бўйича қабул қилинган мажбуриятларга аниқ риоя қилиниши учун сиёсий ирода керак, холос. Буни бугун ҳам, эртага ҳам амалга ошириш мумкин.

Эркин конвертация қандай муаммоларни «юзага» чиқаради?

Миллий валюта конвертацияси сеҳрли таёқча эмас, айнан бунинг акси. Эркин конвертация йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли бюрократик муаммолар, бизнинг гибрид ва бозорли бўлмаган иқтисодиётимиздаги нуқсонлар, номутаносибликларни аниқлаб, юзага чиқариб беради. Эркин конвертациянинг жорий этилишидан сўнг бозор, структуравий ва институционал (самарали суд тизими, мулк ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш, мустақил банк тизими, қонун устуворлиги ва ҳокимиятнинг бўлинганлиги) ислоҳотларни ўтказмасликнинг иложи йўқ, чунки ислоҳотлар ўтказмасдан очиқ бозор томон ҳаракат вазиятни янада оғирлаштиради, холос. 

Биринчи навбатда давлат монополиялари ва йиллар давомида имтиёзли курсда валюта харид қилиб келган корхоналар жабр кўришади. Бозор курси бўлмаган курсда конвертация — айнан хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг ҳисобидан имтиёзга эга бўлишни билдиради. Нарх шаклланиши занжирида бу имтиёз учун албатта сўнгги истеъмолчи, яъни сиз ва биз ўз чўнтагимиздан тўлаймиз. Улар структурасини ўзгартириб, қисқартиришлар олиб бориши, бозор рельсларига ўтиши ёки шунчаки ёпилишга мажбур бўлишади. 

Бугунги кунда имтиёзли конвертацияга рухсати бор хусусий структуралар эркин конвертациядан қаттиқ ларзага тушишмайди, шунчаки уларнинг ишлаб чиқариши ва лойиҳалари рентабеллиги қисқаради. Суперрентабелли ташкилотдан улар шунчаки, тенг шароитларда ишлаётган, рақобат қилаётган рентабелли ташкилотга айланишади. 

Валюта кредитлари олган ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларга қийин бўлади. Эркин конвертация шароитида уларнинг лойиҳаси қиймати 2–3 баробар ошиб кетиши мумкин. Шу сабабли, самарасиз лойиҳалар ва фақатгина имтиёзли конвертация олиш илинжида тузилган лойиҳалар дарҳол ёпилиши ёки шакли ўзгартирилиши лозим бўлади. 

«Конвертациянинг очилиши»га қарши бўлганлар эркин конвертация шароитда халққа ёмон бўлиши билан қўрқитишади. Асло бундай эмас. Якуний истеъмолчилар — халқ эса ҳар доим якуний истеъмолчи бўлиб келган — турли курслар ҳукм суриб турганда товар ва хизматларнинг, албатта, энг қиммат курсга қараб белгиланган нархида харид қилишга маҳкум, чунки нарх ҳосил қилишда бозорнинг барча иштирокчилари энг максимал курсга қараб белгилашади — бу бозорнинг қонуни! Шу сабабли эркин конвертация шароитида истеъмол нархлари бир неча каррага ошиши ҳақидаги чўчитувчи сценарийлар — асосга эга бўлмаган қуруқ гаплардир.

Ким ютади?

Конвертациянинг очилишидан биринчи навбатда экспорт қилувчилар ютади. Улар ҳозир бозорга оид бўлмаган сунъий равишда паст ушланиб турилган курслар билан зўрға нафас олиб юришибди, экспорт тушумининг бир қисмини яширишади ёки назорат органларининг нигоҳига тушиб қолмаслик учун ноқонуний йўллар билан сотишади. Эркин конвертация шароитида, тўлиқ синхрон девальвация ўтказилса, экспорт тушумини яшириш зарурияти йўқолади, экспорт ҳажмини ошириш учун бозор стимули пайдо бўлади.

Консерватив фикр юритувчилар учун буларнинг барчаси ғалати эшитилар, лекин саводли ва комплекс солиқ солиш ислоҳоти ўтказилганда эркин конвертациядан бюджет ҳам ютади, чунки солиқ солинувчи база кенгаяди — бу ўша win-win деб аталувчи, ҳам давлат, ҳам бизнес ютадиган схемадир. Валюта ресурсларига рухсатнинг қонунийлаштирилиши ва тенг имкониятлилиги нафақат хуфёна иқтисодиётни, ҳам экспортда, ҳам импортда ташқи савдонинг «яширин қисми»нинг ҳам очиқланишига сабаб бўлади, бу эса бюджетга тушумларнинг ошишига олиб келади. Албатта, дастлабки пайтларда ташқи давлат қарзига хизмат кўрсатиш қиймати анча ортади, бироқ, масалан, 2003 йилда девальвациядан сўнг бюждет тушумларининг ўсганлиги ташқи қарзларга хизмат кўрсатиш харажатлари ўрнини қоплаган эди. Ҳар қандай ҳолатда ташқи қарз ҳақидаги расмий ва тасдиқланган маълумотларга эга бўлиб, эҳтимолли сценарий ва рисклар юзасидан стресс-тестлар ўтказиш мумкин.

Эркин конвертация «очилган» куннинг эртасига нима бўлиши ҳақида бутун манзарани тасвирлашнинг иложи йўқ, бу ерда жуда кўп омиллар рол ўйнайди. Масалан, пул-кредит сиёсати, хусусан, фоиз ставкаси (қайта молиялаш ставкаси) ва мажбурий захираларни оператив тартибга солиш. Янги мувозанатлаштирилган савдо режимининг ишга туширилиши ҳам бундай алоҳида рол ўйнаб беради.

Калон Ёмонбоев.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди.

Мавзуга оид