09:36 / 15.06.2017
8081

ШҲТ қароргоҳи олдида Ҳиндистон ва Покистон байроғи кўтарилди

Фото: © РИА Новости

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзоларига айланган Ҳиндистон ва Покистон байроқларини тантанали кўтариш маросими пайшанба куни ташкилотнинг Пекиндаги котибияти биноси олдида бўлиб ўтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Ҳиндистон байроғи ШҲТ ва Қозоғистон байроқлари орасидан жой олган бўлса, Покистонники – Қирғизистон ва Россия байроқлари ўртасида жойлашди.

Маросим ШҲТ ташкил топган кунда бўлиб ўтди.

"Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида тўққизинчи июнь куни ШҲТ асосчи давлатлари етакчилари томонидан Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш бўйича тарихий қарор қабул қилинди. Бугун ШҲТ кунида биз ташкилот қароргоҳи ёнида Ҳиндистон ва Покистон давлат байроқларини тантанали кўтариш маросимига йиғилдик. Эндиликда ШҲТ байроғи ёнида ташкилотга аъзо саккиз давлат байроқлари ҳилпираб туради, улар ташкилот руҳияти билан бирлашган", - дея маълум қилди ШҲТ бош котиби Рашид Алимов маросимда.

Эслатиб ўтамиз, Остона шаҳрида ШҲТнинг навбатдаги саммити 8-9 июнь кунлари бўлиб ўтди. ШҲТга аъзо давлатлар етакчилари 9 июнь куни Ҳиндистон ва Покистонни ташкилотга қабул қилиш бўйича қарорни имзолашди. Шу тариқа, 2001 йилда Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари томонидан ташкил этилган ташкилот саккиз давлатга қадар кенгайди.

Top