Жаҳон | 10:34 / 06.07.2017
54884
3 дақиқада ўқилади

«Жаҳаннамга хуш келибсиз»: Ҳамбург G20 саммити арафасида

Фото: DPA/ТАСС

Германиянинг Ҳамбург шаҳрида 6-7 июль кунлари ўтказиладиган «Катта йигирматалик» давлатлари етакчилари саммити арафасида минглаб кишилар норозилик намойишлари уюштирмоқда. Бу намойишлар «Жаҳаннамга хуш келибсиз» шиори остида бирлаштирилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп, Россия президенти Владимир Путин, Хитой раҳбари Си Жинпинг ва бошқа йирик давлатлар раҳбарлари шаҳарга келганида, намойишларнинг авж палласида унинг иштирокчилари сони 100 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Германиянинг иккинчи йирик шаҳрида айни вақтда 20 минг нафар полициячи хавфсизликни таъминлаш ишларига жалб қилинган, қўлга олинадиганларни сақлаш учун махсус марказлар ташкил этилган ва бундай марказларнинг ҳар бири 400 киши учун мўлжалланган.

«Жаҳаннамга хуш келибсиз» акциялари ташкилотчиси Андреас Блехшмидт намойишчилар бу орқали G20 олиб борган сиёсат дунё бўйлаб оғир оқибатларга, очлик, урушлар ва ҳалокатларга олиб келганини билдирмоқчи. У AFP мухбирига айтишича, намойишлар фаоллари саммит ўтказиладиган ҳудудга боришни режалаштирган, улар полиция билан тўқнашувларга тайёр. 

Ҳамбург шаҳри раҳбарияти шаҳар ичида ва аэропорт билан боғловчи йўлда митинглар ўтказишни тақиқлаган.

Қуйида бир неча кун олдин бошланган намойишлар лавҳалари келтирилади.

Намойиш фаоллари бир неча кундан буён шаҳар маркази яқинидаги хиёбонда ташкил қилинган лагерда тунамоқда

Ҳамбург ғарбида чоршанба куни кечаси полиция йўлни тўсиб қўйиш учун йиғилганларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади

2 июль куни Greenpeace гуруҳи фаоллари Ангела Меркель сурати туширилган баннерни кўмир ташувчи кемага ёпиштириб, бу орқали уни кўмир ва атом энергиясидан фойдаланишни тўхтатиб, хавфсиз энергияга ўтишга чақиришди

Ҳамбургдаги дўконлардан бири эгаси дўкони деразаларига стикерлар ёпиштириб, саммит иштирокчиларидан норозилигини ифодалади

2 июль куни одамлар G20 саммитига қарши норозилик намойишларини бошлаганди

G20 саммитига қарши намойишлар иштирокчилари меҳмонларнинг ниқобларини ясаган

Юзлаб кишилар G20 арафасида 1000 ҳайкал акциясида иштирок этиш учун чиққан

Мавзуга оид