19:44 / 26.07.2017
20193

«Обод»ни украиналик инвесторлар «қутқарди»

Фото: «Обод» клуби

Тошкентнинг «Обод» клуби Олий лигадаги фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда «Championat.asia» жамоадаги манбага асосланиб хабар берган.

Манбанинг сўзларига кўра, энди клубнинг Украинадан ҳомийлари бор ва бу ҳомийлар «Обод»ни молиялаштиради. Инвесторлар айнан кимлар экани, улар «Обод»ни қай тариқа қўлга киритгани очиқланмаган.

«Обод»ни 2-даврага украиналик мутахассис Андрей Демченко бош мураббий сифатида тайёрламоқда. У 1976 йилда таваллуд топган, Россия ва Украина фуқаролигига эга.

Демченко ўз вақтида «ЦСКА», «Аякс», «Металлург-З» «Иличевец», «Оболон», «Дачия», «Гелиос» каби клубларда тўп сурган. Мураббий сифатида Запарожьенинг «Имекс» клубида иш бошлаган. 2012 йил «Металлург-З» клубида фаолият кўрсатган, кейинги 2 йилда шу клуб ўринбосарларини шуғуллантирган.

«Обод» Олий лигадаги навбатдаги ўйинини 5 август куни Наманганнинг «Навбаҳор» клубига қарши ўтказади. Жамоа ўзининг уй учрашувларини бунгача «Жар» стадионида ўтказиб келаётганди. Бироқ кейинроқ ўзининг уй аренаси реконструкция қилинаётган «Пахтакор» ушбу стадионни ижарага олди. Эндиликда «Обод» қайси стадионда ўйинларини ўтказиши номаълумлигича қолмоқда.

Top