15:46 / 31.07.2017
74072

Ўзбек нонлари Нью-Йоркда: икки йигит океанортини ҳайратга солмоқда (Видео)

Фото: "Кун"

Қимирлаган қир ошар. Ҳа, бу нақл бежиз айтилмаган. Кўпни кўрган доно ўзбек халқи ҳаётнинг асл ҳақиқатларини яхши тушуниб келган ва ўз тажрибаларини янги авлодга олтин мерос сифатида қолдирган. Бугун мана шу нақлнинг нечоғли ҳаётий эканлигига гувоҳ бўлдик.

Бугун таҳририятимизга Америка Қўшма Штатларидан мактуб келди. Она юртга ва таҳририят ижодкорларига йўлланган саломдан сўнг, мактуб эгаси ўзи ҳақида ёзиб юборган. Илёс Муродов ва Алишер Зиёдов томонидан битилган мактубда бу икки дўст томонидан Нью-Йоркда жойлашган Бруклинда ўзбек нонлари сотувини йўлга қўйишгани, барча ишни ўз ташаббус ва меҳнатлари эвазига йўлга қўйишгани ёзиб юборилган”.

“Иш бошлаганимизга бир ҳафта бўлди. Кундан кун талаб ошиб боряпти. Ўзбек нонларига маҳаллий аҳолида ҳам қизиқиш уйғонган”, деб ёзади мактуб эгалари. Маълум бўлишича, нонлар Тошкент услубида пиширилмоқда.

Йигитларнинг бу ишларига омад тилаган ҳолда, бир ҳикматни айтиб ўтишни лозим билдик. Аввало, ризқ бериш Яратганнинг иродасига боғлиқ жараён. Берилган ризқни бандаси, албатта, топиб ейди. Иккинчидан ҳаётдан, жамиятдан, одамлардан, тузумдан ва яна алланарсалардан нолиб яшаш ҳам бандасига хос бўлмаган фазилатдир. Бунинг ёрқин мисолини юқорида келтирилган тақдирларда ҳам кўриб турибмиз. Илёс Муродов ва Алишер Зиёдовнинг ишларига эса бутун мамлакат номидан фақат ва фақат омад, барака ва яхшилик тилаб қоламиз.

Top