22:50 / 14.08.2017
169197

«Қора бозор»да доллар курси 7000 сўмдан пастга тушди

14 август куни кечқурун Тошкент шаҳридаги «қора бозор»ларда бир доллар 6900 сўмдан сотилмоқда (сотиб олиш нархи 6800 сўм). Саррофлар валюта сотишни тўхтатишган.

Вилоятларда эса курс 6600 сўмгача тушган.

Шу тариқа, «қора бозор»да қисқа муддат ичида доллар нархи 8400 сўмдан 7000 сўмдан пастга қулаши (20 фоиз) кузатилмоқда (Бир неча кун олдин бир доллар 7600 сўм эди).  Бу қулаш давом этиши кутилмоқда.

Марказий банк белгилаган расмий курс эса бугунги кунда 4154 сўм 36 тийинни ташкил қилмоқда.

«Қора бозор» нега пайдо бўлади?

Қайд этиш керакки, расмий курс ҳар ҳафтада ўртача 25-30 сўмдан ўсмоқда. Бу вақтда долларнинг бозор курси ҳар куни тушмоқда.

Бунинг асосий сабаби халқ истеъмоли товарларининг расмий импорти билан шуғулланувчилар учун тижорат банклари орқали бозор курсида валюта сотувининг бошланганидир. Шунингдек, марказлашмаган экспорт учун мажбурий сотувнинг бекор қилингани ҳам бу ҳолат омилларидан бири бўлмоқда.

Айни кунларда расмий, яъни оқ импорт билан шуғулланувчилар илгари кулранг схемаларда орттирилган ва жамғарилган валюта маблағларини қора бозорда сўмга алмаштириш ва легаллашган сўм ҳисобига тижорат банкларидан расмий, қонуний кўринишда валюта сотиб олишни амалга оширишмоқда.

Бу жараён токи расмий импортерларнинг кулранг схемалари тўлиқ «оқлангунигача» ва валюта-товар-сўм бутун цикли якунлангунча давом этади. Шу сабабли қора бозорда долларнинг курси яна пасайишда давом этиши ва психологик кўрсаткич 1 доллар - 6,5 минг сўмгача етиши мумкин. 

Прогнозларга кўра, сентябрь ойида курс яна кўтарилиб, банклардаги бозор курси билан тенглашиши мумкин.

Экспертлар доллардаги жамғармаларини сўмга алмаштирмай туришни маслаҳат бермоқда.

Нега навбатлар, «шапка», қора бозор вужудга келади ва улардан қандай қутулиш мумкин?

Top