Мексика АҚШга ёрдам таклиф қилди
Мексика ҳукумати АҚШга “Ҳарви” довули оқибатларини бартараф этишда ёрдам таклиф қилди. Бу ҳақда Dallas News хабар бермоқда.
Мексика катта зарар кўрган Техас штатига фалокат билан курашда ёрдам таклиф қилган, «сабаби яхши қўшнилар оғир дамларда ҳар доим шундай қилади».
Хабар қилинишича, Мексика ташқи ишлар вазири Луис Видегарай ва Техас штати губернатори Грег Эбботт якшанба, 27 август куни табиий офатни телефон орқали муҳокама қилишган.
Шунингдек, Мексиканинг Остиндаги бош консули Карлос Гонсалес Гутьеррес губернатор котибияти билан доимий алоқада эканини айтган. У Мексика АҚШга қандай қилиб яхшироқ ёрдам кўрсатиш ниятидалигини маълум қилди.
«Худди аввалгидек, Мексика Техас билан мушкул пайтда бирга бўлади», - деди Гонсалес.
Таъкидланишича, Мексика 12 йил аввал, «Катрина» довулидан сўнг озиқ-овқат, тиббиёт воситалари ва ичимлик суви юкланган кемаларни юборган бўлиб, ўшанда Янги Орлеандаги табиий офат қурбонларига ёрдам кўрсатишга интилган.
Аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Техасдаги сув омборларидан сувни чиқариб ташлашни режалаштиришаётгани хабар берилганди.