15:04 / 01.09.2017
5022

Кения Олий суди президентлик сайловлари натижасини ҳақиқий эмас деб топди

Фото: Reuters

Кения Олий суди президентлик сайловлари натижаларини ҳақиқий эмас деб топди. Уларда амалдаги президент Ухуру Кениата ғалаба қозонганди, деб хабар қилмоқда Reuters.

«Кениата ғалабасини эълон қилиш ҳолати юридик кучга эга эмас ва ҳақиқий эмасдир», - дея маълум қилди судья Дэвид Маранга.

Шу тариқа, у олти судьянинг қарорини эълон қилди, улардан тўрт нафари сайловларни ҳақиқий эмас, деб топиш учун овоз берган.

Мамлакат Олий судининг таъкидлашича, сайлов комиссияси ишида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган ва янги президентлик сайловларини 60 кун ичида ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, Кениянинг амалдаги президенти Ухуру Кениата умумхалқ сайловларида 54,3 фоиз овозларни қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Шу тариқа, у иккинчи беш йиллик муддатга сайланди.

Кения мухолифати сайловлардаги овоз бериш натижаларини тан олмади. Мухолифат етакчиси, Кения собиқ бош вазири Раила Одинганинг маълум қилишича, сайлов комиссияси базаси хакерлик ҳужумга учраган, шу сабабдан унинг натижалари сохталаштирилган. Сайлов натижалари Найроби кўчаларида норозилик намойишларининг ўтказилишга сабаб бўлди.

Кения президенти иккинчи муддатга сайланди

Кениядаги сайловлардан сўнг юз берган намойишлар давомида бир неча киши ўлдирилди 

Кения президентлик сайлови яна қонли хунрезликларга айланиб кетадими? 

Top