Спорт | 11:05 / 15.09.2017
10248
10 дақиқада ўқилади

«Ёпиқ айланалар» ёхуд топ-клубга айланишнинг мушкуллиги ҳақида

Фото: Squawka

«Эвертон» энди Премьер Лигада оддий декоратив клуб эмас. 80-йиллардан буён мамлакат чемпиони бўла олмаган ва сўнгги ўн йилда бешинчи ўриндан юқорига кўтарила олмаган клубнинг ёзги трансферлар бозоридаги ишлари кўпчиликнинг эътиборини тортди. 142.38 миллион фунт ишлатилди – катта (КАТТА) фарқ билан клуб рекорди, лигадаги тўртинчи  кўрсаткич. Фақат Манчестер клублари ва «Челси»да сал кўпроқ холос.

Рўйхат ҳам ёмон эмас: Таърифлашнинг ҳожати бўлмаган Уэйн Руни, «Аякс» сардори Дэйви Классен, иқтидорли дарвозабон Жордан Пикфорд, ўша машҳур Исландия терма жамоаси етакчиси Гулфи Сигурдссон, терма жамоада ўйнаб улгурган марказий ҳимоячи Майкл Кин. Эркин агент сифатида ўтган Рунини ҳисобга олмаганда, энг арзон трансфер 24.3 миллион фунтни ташкил этди. Бу трансферлар билан «Эвертон» гўёки ўз мақсадини маълум қилди. «Барселона» мактабини кўрган Сандро Рамиресни ҳам унутмаслик лозим.  

ДАСТЛАБКИ ҚАДАМЛАР

«Эвертон»ни «Манчестер Юнайтед» даражасидаги топ клубга айлантириш ибтидоси 2016 йилнинг март ойига тўғри келади. Келиб чиқиши эронлик бўлган ишбилармон Фарҳод Мошири клубнинг 49.9 фоиз акцияларини сотиб олиб, асосий акционерига айланиб олади. Эски хўжайинлар Билл Кенрайт ва Жон Вудзда умумий 21.1 фоиз қолганди холос.  

Бу келишув кутилганди. Билл Кенрайт анчадан бери юқори амбицияларга эга бўлган инвесторни кутиб юрганди. Кенрайт 1999 йилда клубнинг 68% акциясини атиги 20 миллионга сотиб олган. 2016 йилга келиб эса, 13% акциясини сотган Кенрайт 22.75 миллионлик бўлиб олди. Иккинчи катта акционер америкалик Роберт Эрл эса, қўлидаги ҳамма пакетни (23%) 40.25 миллион фунтга сотди. Яна 13% нинг пули эса, Жон Вудсга берилди. Жон Вудс оиласи 1892 йилда «Гудисон Парк»нинг биринчи трибунасини қуриш учун 1000 фунт қарз беришган ва шу орқали клуб акциядорига айланишган. Бу ҳисоб-китоблардан «Эвертон»нинг нархи 175 миллион фунтга баҳоланганини билиш мумкин. 

«Эвертон»нинг собиқ хўжайинларининг бошқарув услуби ўзини оқламади, деб айтиш мумкин. Улар буни тушуниб ҳам етдилар. Аввалдан. «Эвертон»ни топ клублардан бирига айлантириш режаси учун пул етмаган. Натижада Ливерпуль клуби лиганинг энг барқарор ўртамиёналаридан бирига айланиб қолди. Жамоа бир неча бор Европа Лигасида ва бир марта Чемпионлар Лигасида саралаш босқичида ўйнади холос. 

Айни палладаги бошқа клублар хўжайинлари сингари Кенрайт ва унинг шериклари клубга пул сарфлашмади. Оқибатда, юлдузларни жамоада ушлаб қолишнинг иложи бўлмаган, қилинаётган сарф-харажатлар амбицияларга мос келмасди. Кенрайт бундай муносабат хато эканини англаган заҳотиёқ, клубга бойроқ, инглиз футболига бегона бўлмаган, клубни ривожлантиришга тайёр бўлган номзод излай бошлади.

Фарҳод Мошири ўз вақтида «Арсенал» акцияларига эга бўлган. «Эвертон»ни сотиб олиш варианти чиққач, Лондон клубидаги улушини эски дўсти Алишер Усмоновга сотди. Англияда, қоидаларга кўра, бир клубнинг 10 фоиздан кўпроқ акциясига эга бўлган шахс бошқа клуб акцияларини сотиб ололмайди.

 

БЮДЖЕТ ВА ДАРОМАДЛАР

Мақсадларга эришилмаган йиллар учун ҳам, барибир, «Эвертон» мухлислари Кенрайтдан миннатдор бўлишлари лозим. «Эвертон» ўз-ўзини таъминлаб яшади, омадли харидлар амалга оширди, катта миқдорда қарзларга кирмади, ихтиёридаги манбалардан оқилона фойдалана билди. Энг муҳими клуб системасида ва кадрлар тизимида барқарорлик ҳукм сурди.  

Мошири олдида эса, янаям мушкул, аммо шу билан бирга қизиқарли асвол турибди – «Эвертон»ни қандай қилиб янги босқичга кўтариш мумкин? Оддий клуб даражасидан элитага кўтарила олган сўнгги клуб – «Манчестер Сити». Аммо айтиш керакки, «шаҳарликлар» шайх Мансур келгунча, ҳозирги «Эвертон»дан кўра, анчагина «соддароқ» бўлганлар, лекин бугунги даражага чиқиш учун кўп вақт кетмади.  

Бошқа тарафдан олиб қараганда эса, бундай йўл билан ҳозир натижага эришиш осон эмас. УЕФА жорий этган молиявий Fair Play клубларга пул сарфлашни чеклаб туради. «Эвертон» ишлатадиган пулини ўзи ишлаб топишга мажбур. Шунингдек, Англиядаги ва Европадаги катта рақобатни ҳам унутмаслик керак, улушлар топ-клублар ўртасида бўлиб олинган.  

Клубнинг бугунги даромадларига қарасак, «Эвертон» АПЛда кучли ўнликка ҳам кира олмас экан. Шундай бўлса-да, қайд этиш жоиз, худди шу кўрсаткичлар клубга Deloitte Money League (жаҳон клублари рейтинги) да 23-ўринни тақдим этмоқда. Аммо «Эвертон»нинг 121.6 миллион даромади Топ-6 клублари билан таққослаганда анча кам. Мисол учун, «Манчестер Юнайтед»да 515 миллион фунт, «Манчестер Сити»да 392 миллион, «Арсенал»да 354 миллион ва ҳоказо. Ҳатто «Вест Ҳэм», «Лестер», «Ньюкасл», «Саутҳэмптон» клублари ҳам «Эвертон»дан олдиндан боришмоқда.   

 

ТРАНСФЕРЛАР ВА ЮЛДУЗЛАР

Мошири бирданига ҳаммасини ўзгартиришга киришмади, аммо айтиш мумкинки, молиявий томондан сезиларли қадамлар ташлай бошлади. Аввалига, футболка сотиш бўйича ҳомийлик шартномаси ошди, кейин эса, логотип учун йилига 5.3 миллион фунт тўлайдиган Chang пиво компаниясига жавоб берилиб, ўрнига 9.6 миллион фунт билан SportPesa букмекерлик контораси келди.

Аммо биз биламизки, фақат бу йўналишдаги ҳаракатлар етарли эмас. Ҳомийларни жалб қилиш, бозорда таниқли брендга эга бўлиш учун жамоа кўрсатаётган ўйин сифати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўз-ўзидан бунинг учун мос мураббийлар ва футбол юлдузлари тўп суриш керак. Юлдуз футболчилар бошқа юлдузлар билан бирга тўп суриш ва совринлар учун курашишни афзал биладилар. «Эвертон» ўз юлдузларини ушлаб қолиши иложсиз бўлиб келган. Футболчилар қиммат нархга сотилган бўлсалар-да, бу пул яна трансферларга сарфланган ва «Эвертон»нинг барқаор ўртамиёна бўлиб қолишига яраган холос. Моширининг келиши клубнинг трансфер [аражатларини сезиларли даражада оширди, бу ҳақида юқорида ҳам ёздик, аммо барибир юлдуз футболчилар бошқа топ жамоаларга ўтиб кетишда давом этишмоқда.

Мана, клуб трансферлар учун рекорд даражада пул сарфлаган сўнгги ёзни олайлик: барибир ўтган йили 25 гол билан АПЛ тўпурарларидан бири бўлган Лукаку «Манчестер Юнайтед»га ўтиб кетди-ку? Албатта, у ерда Погба бор, у ерда Моуриньо, Чемпионлар Лигаси... «Эвертон» буларни Лукакуга таклиф қила олмайди. Футболчи учун тўланган трансфер суммаси унинг сотиб олинган нархидан икки баробар кўплиги ҳам, келишув натижасида Уэйн Руни текинга олиб келингани ҳам юпатмайди. Чунки барибир, клуб амбициясига қаттиқ зарба берилмоқда.

 

ЁПИҚ АЙЛАНА

Жорий мавсум «Эвертон» учун кўп нарсани аниқлаб бериши мумкин. Молиявий тарафдан Чемпионлар Лигасидаги иштирок катта қадам бўларди, аммо аввал у ерга бориш ҳам керак. Икки йўл бор – Премьер Лигада тўртликка кириш ёки Европа Лигасида ғалаба қозониш. Қайси бири осонроқ эканини айтиш мушкул.

Натижада, ёпиқ айлана хосил бўлади: яхшироқ ўйнаш учун кучлироқ футболчилар керак. Уларни сотиб олиш учун пул керак. Пулни эса, ишлаб топиш лозим. Пул топиш учун Чемпионлар Лигасида қатнашиш керак. Бу турнирда қатнашиш учун яхшироқ ўйнаш керак.

«Эвертон» каби яна ўнлаб Европадаги ўртамиёна жамоалар топлар гуруҳига қўшила олмай келаётганининг мантиғи ҳам шундадир. Пешқадамлар ичида даромади «Эвертон»га яқинроқ бўлган «Тоттенҳэм» ҳам 90 миллион фунт олдинда бормоқда. Лондонликларнинг бу йил Чемпионлар Лигасида қатнашаётганини, янги стадион қураётганини эътиборга олсак, бу фарқ яна ошади. «Эвертон» «Тоттенҳэм»га етиб олиш учун бир неча йил кучли тўртликка кириб юриши керак. Осонми бу?

Тўғри, футболда ҳаммасини пул ҳал қилмайди. Пулсиз ҳам ғалаба қозониш мумкин – «Лестер» 2015/16 йилги мавсумда буни исботлади. Шунчаки, пулсиз муваффақиятга эришиш бирмунча қийин, айниқса, барқарор тарзда юқорида юриш янаям. Аммо «Манчестер» бўлишнинг бошқа йўли ҳам йўқ.

 

Forbes материали асосида Қ.Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид