Спорт | 11:40 / 03.10.2017
22630
9 дақиқада ўқилади

ЖЧ саралаш. Европа. Сўнгги жанглар олдидан гуруҳлардаги вазият ҳақида

07.10.2017. Швеция - Люксембург, Беларус - Нидерландия, Болгария - Франция
10.10.2017. Франция - Беларусь, Люксембург - Болгария, Нидерладия - Швеция
Кўриш шарт: НИДЕРЛАНДИЯ – ШВЕЦИЯ

Фото: Getty Images

Франция терма жамоаси Люксембург билан кутилмаган дурангдан сўнг, бироз таҳлика остида қолишди. Французлар агар болгарларни енга олмай қолишса, сўнгги тур олдидан 2-ўринга тушиб қолишлари мумкин. Бу ўрин эса, тўғридан-тўғри йўлланмани бермайди. Шу ўринда ЖЧ-94 саралашидаги ҳодиса эсга тушади беихтиёр: ўшанда Франция терма жамоаси сўнгги турда Болгария билан дуранг ўйнашса кифоя эди, аммо болгарлар сўнгги дақиқада ҳал қилувчи голни киритиб, Францияни мундиалсиз қолдиришганди.

Агар ҳаммаси тахмин қилингандек бўлса, Франция қолган ўйинларда ғалаба қозонади ва 2-ўрин учун кураш Нидерландия ва Швеция ўртасида кечиши кутилмоқда. Бунинг учун сўнгги турда Нидерландия шведлар устидан ғалаба қозонишлари шарт. Шу билан бирга тўплар нисбати ҳам муҳим аҳамиятга эга — ҳозирда шведларда +9, нидерландияликларда +5, бунинг устига Швеция кейинги турни ўз майдонида кучсизроқ рақибга қарши ўтказишини ҳам ҳисобга оламиз. У ҳолда биз тавсия қилаётган ўйинда мезбонлар йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонишлари шарт бўлиб қолади. 

Фото: FIFA

В гуруҳи. 
07.10.2017.
 Андорра - Португалия, Швейцария - Венгрия, Фарер ороллари - Латвия
10.10.2017. Венгрия - Фарер Ороллари, Латвия - Андорра, Португалия - Швейцария

Кўриш шарт: ПОРТУГАЛИЯ - ШВЕЙЦАРИЯ (соат 23:45 да)

Фото: Getty Images

Бу гуруҳнинг омадсиз тўрт жамоаси аллақачон аниқ бўлган. Аммо гуруҳ ғолиблиги учун кураш сўнгги турдаги ўзаро ўйинда ҳал бўлиши шубҳасиз. Бу жуда муҳим, сабаби, гуруҳлардаги фақат биттадан жамоа тўғридан-тўғри мундиалга йўл олади. Плей-оффда эса, ҳар нарса бўлиши, ҳар қандай рақиб рўбарў келиши мумкин. Ноябрни тинчроқ ўтказиш учун, албатта, гуруҳ ғолиби бўлиш керак.

Швейцария ҳам, Португалия ҳам биринчи даврадаги ўзаро ўйинни (ўшанда Швейцария 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди) қўшмаса, барча рақибларни ер тишлатиб келмоқдалар. Демак, Португалиядаги ўйин ғолиби гуруҳда ҳам якуний ғолиб бўлади. Дуранг меҳмонларни қаноатлантиради. Тўплар нисбатига кўра Криштиану Роналду ҳамюртларининг катта устунлиги борлигини инобатга олсак, ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба мезбонларни мундиалга олиб чиқади. 

Фото: FIFA

С гуруҳи. 
05.10.2017. Озарбойжон - Чехия, Шимолий Ирландия - Германия, Сан Марино - Норвегия
08.10.2017. Чехия - Сан Марино, Германия - Озарбойжон, Норвегия - Шимолий Ирландия

Кўриш шартмас. 

Бу гуруҳда ҳаммаси маълум. Германия икки турда биргина очко олса, гуруҳ ғолиблигини нақд қилиб қўяди. Шимолия Ирландия терма жамоаси эса, плей-оффда иштирок этишга яқин. Таъкидлаш жоизки, британияликлар 2-ўринни кафолатлаб олган бўлсалар-да, плей-оффда қатнашиш ҳуқуқи расман қўлга киритилмади. Маълумки, энг ёмон курсаткичга эга бўлган иккинчилардан бири ҳатто плей-оффда ҳам иштирок эта олмайди. Шунинг учун шимолликлар ҳар эҳтимолга қарши қолган ўйинларда камида 2 очко олиб қўйишлари лозим бўлади. 

Фото: FIFA

D гуруҳи.
06.10.2017.
 Ирландия - Молдова, Австрия - Сербия, Грузия - Уэльс
09.10.2017. Сербия - Грузия, Уэльс - Ирландия, Молдова – Австрия

Кўриш шарт: УЭЛЬС - ИРЛАНДИЯ (соат 23:45 да)

Фото: Getty Images

Биргина ғалаба сербларни гуруҳ ғолибига айлантиради, улар бу ғалабани масалан сўнгги турда, ўз майдонларида грузинлар устидан ҳам қозонишлари мумкин. Демак, гуруҳдаги асосий кураш 2-ўрин боради ва ҳудди А гуруҳига ўхшаб, бу ерда ҳам барчаси сўнгги турда ҳал бўлади.

Биринчи даврадаги Британия дербисида ҳисоб очилмаганди, аммо бу сафар барчаси умуман бошқача бўлиши табиий. Ҳар икки жамоада ҳам етакчилар, мезбонларда Гарет Бэйл, меҳмонларда эса Жонатан Уолтерснинг жароҳат олгани учрашувга соя солиши мумкин, аммо ўртага жуда катта нарса – жаҳон чемпионати плей-оффи тикилган. 

Фото: FIFA

Е гуруҳи
05.10.2017.
 Арманистон - Польша, Черногория - Дания, Руминия - Қозоғистон
08.10.2017. Дания - Руминия, Польша - Черногория, Қозоғистон - Арманистон

Кўриш шарт: ЧЕРНОГОРИЯ - ДАНИЯ

Польша терма жамоаси гуруҳ ғолиби бўлиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилиб турибди. 9-турда эса, Черногория ва Дания ўртасидаги ўйин жуда кўп масалага ойдинлик киритади. Ҳозирда ҳар икки жамоа ҳам тенг очко тўплашган ва ҳатто тўплар нисбати ҳам бир хил. Бу тўқнашув ғолиби якунда гуруҳ ғолибларидан бири бўлиши мумкин. 

Эътибор беринг, агар "қоратоғ"ликлар Дания устидан ғалаба қозонсалар, Польша билан орадаги фарқни сақлаб қолишлари мумкин ва сўнгги турдаги Польша - Черногория ўйини ҳам 1-ўрин масаласини ҳал қилувчи баҳсга айланиб қолади. Черногория терма жамоасида тўплар нисбати польшаликлардан яхшироқ эканини ҳам инобатга олиш керак. 

Фото: FIFA

F гуруҳи.
05.10.2017. Англия - Словения, Мальта - Литва, Шотландия - Словакия
08.10.2017. Словакия - Мальта, Словения - Шотландия, Литва - Англия

Кўриш шарт: ШОТЛАНДИЯ - СЛОВАКИЯ (23:45), СЛОВЕНИЯ - ШОТЛАНДИЯ (21:00)

Инглизлар ўз ўринларини ҳеч кимга бериб қўймасалар керак, аммо кейинги ўрин учун биратўла 3 жамоа даъвогарлик қилмоқда. Шахсан tribuna.uz учун мана шу жамоаларнинг бирортасиям қизиқмас, қанақадир зерикарли ва мундиалга бориб ҳам жуда қизитиб юборишмаса керак. 

Лекин агар кўришга бошқа футбол бўлмаса, мана шу алоҳида белгилаб қўйилган икки ўйин гуруҳдаги чигал вазиятга ойдинлик киритиб берса ажаб эмас. Эътиборга молик жиҳат шундаки, сўнгги турлардаги иккала ўйинда 3 очко олган жамоагина кейинчалик плей-оффда ўйнаш ҳуқуқини олиш мумкин. Акс ҳолда, 2-ўрин ҳам ҳеч нарса бермаслиги мумкин - тахминимизча, энг ёмон кўрсаткичли 2-ўрин соҳибини «бериши мумкин бўлган» гуруҳлардан бири мана шу F гуруҳи.

Фото: FIFA

G гуруҳи
06.10.2017. 
Италия - Македония, Лихтенштейн - Исроил, Испания - Албания
09.10.2017. Исроил - Испания, Македония - Лихтенштейн, Албания – Италия

Кўриш шарт эмас. 
Икки ўйиннинг биттасини ютса ҳам, камида тўплар нисбатига кўра Испания гуруҳ ғолиблигини сақлаб қолиши аниқ. Италияни ҳам биров қувлаб келгани йўқ, улар ҳам бемалол плей-оффдаги бўлажак рақиблар ҳақида ўйлаши ва ўз гуруҳидан кўра, бошқа гуруҳларга қизиқиш билдириши мумкин. Гуруҳдаги ягона интрига Лихтенштейн ниҳоят очко оладими ёки йўқми?

Фото: FIFA

H гуруҳи
07.10.2017. 
Кипр - Греция, Босния ва Герцоговина - Бельгия, Гибралтар - Эстония
10.10.2017. Бельгия - Кипр, Эстония - Босния ва Герцоговина, Греция – Гибралтар

Кўриш шарт эмас. 
Бельгия муддатидан олдин жаҳон чемпионатига чиқиб бўлган. 2-ўрин учун сиртдан кураш греклар ва боснияликлар ўртасида кечади. Босния ҳозирча бир очко олдинда, лекин 9-турда улар гуруҳ пешқадамига қарши майдонга тушишади ва очко йўқотишлари мумкин. Грецияни эса, Кипрда ўзига хос дерби кутиб турибди, бу ўйиндаги ғалаба жамоани 2-ўринга олиб чиқиши ҳақиқатга яқин. Шундан кейин улар Гибралтар дарвозасига иложи борича кўпроқ гол уришларига тўғри келади. Юқорида кўп бор эслатилганидек, 2-ўринлар ичида ҳам энг ёмони бўлиб қолмаслик шарт. 

Фото: FIFA

I гуруҳи
06.10.2017. 
Хорватия - Финландия, Туркия - Исландия, Косово - Украина
09.10.2017. Финландия - Туркия, Исландия - Косово, Украина – Хорватия

Кўриш шарт: ТУРКИЯ - ИСЛАНДИЯ (23:45), УКРАИНА - ХОРВАТИЯ (23:45)
Ажойиб гуруҳ. 4 жамоадан ҳар бири гуруҳ ғолиби бўлиши ҳам, якунда тўртинчи ўринда қолиб кетиши ҳам мумкин. 9-турда аввало, Туркия – Исландияни кўринг. Бу ўйин кўп нарсани ҳал қилиб бериши шубҳасиз. Евро-2016 саралашларида ҳам бу жамоалар ўзаро тўқнаш келишган ва ҳар икки ўйинда ҳам мезбонлар ғалаба қозонишган, якунда, ҳар икки жамоа тўғридан тўғри Европа чемпионатига кетишганди. Аммо бу сафар улардан бири қолиб кетса керак.

Агар турклар ғалаба қозонса, Исландияни қувиб ўтади. Шу билан бирга украинлар осон ўйинда Косовони ютиб, гуруҳ пешқадамидан энг кўпи билан 2 очко ортда туради холос. Натижада Украина – Хорватия ўйини ҳам даҳшатли кўриниш олади.

Тўғриси, ҳозир вариантлар шу қадар кўпки, аниқ бир жумла тузиш ҳам қийин бўлмоқда. Сўнгги тур олдидан ҳам барчаси мана шундай чигал ҳолатда бўлиши ҳам ҳақиқатга яқин.  Ваъда берамизки, 9-турдан сўнг ҳам айнан мана шу гуруҳ ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. 

Фото: FIFA

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид