Ўзбекистон | 13:35 / 05.10.2017
80713
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура ҳузуридаги МИБга янги ваколатлар берилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 4 октябрда бўлиб ўтган 12-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига янги ваколатлар тақдим этувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, умумий фойдаланишдаги электр ва газ тармоқларидан, шунингдек, электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига тааллуқли бўлиши белгиланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Прокуратура тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Жиноят-процессуал, Меҳнат, Жиноят-ижроия, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Оила, Солиқ ва Бюджет кодексларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. 

Жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонун Бош прокуратура ҳузурида тузилган Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мақомини белгилаб берувчи янги норма билан тўлдирилади. Бундан ташқари, бир қатор ўзгартишларга биноан суд ижрочиси ўрнига давлат ижрочиси лавозимини киритиш назарда тутилмоқда. 

Шунингдек  қонунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасида назарда тутилган умумий фойдаланишдаги иссиқлик тармоқларидан ва иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш маъмурий ишлар бўйича судьяларга тааллуқли бўлиши белгиланган. 

Мавзуга оид