09:45 / 11.10.2017
27537

Тожикистонда қанча пахта терилгани маълум бўлди

Тожикистонда жорий ой бошидаги ҳолатга кўра, 270 минг тоннага яқин пахта хом ашёси терилди, деб хабар берди мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумотларга қараганда, ҳосил миқдори прогноз режасидан 76,3 фоизни ташкил этади, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 97,9 минг тоннага кўпдир. Республикада ўртача ҳосилдорлик кунига 4,9 минг тоннадан ортиқ хом ашёни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда еттита пахта етиштирувчи туманлар ўзларининг прогноз режаларини 83 фоизга бажарган.

Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йили 312 минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси териб олинган бўлиб, бу прогноз кўрсаткичидан тахминан 90 фоизни ташкил қилган.

Жорий йилда республикада 162,5 минг гектардан зиёд ерга пахта экилди. Хусусан, Хатлон вилоятида 155,5 минг гектардан ортиқ ер, Сўғдда 44,2 гектар майдон, республика бўйсунувидаги туманларда эса 2,8 минг гектардан ортиқ майдон пахтага ажратилди.

Top