Жаҳон | 08:55 / 16.10.2017
16612
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти давлат тузилмаларига талаб қўйди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон давлат тузилмаларидан тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашмасликни талаб қилди. У бизнес соҳасидаги мунтазам текширувлар мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига тўсқинлик қилишини таъкидлади.

Имомали Раҳмоннинг Душанбе шаҳрида ўнлаб тадбиркорлар билан 14 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда айтишича, ҳалигача тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кўп сонли текширувлардан ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда ҳамда бу ташвишга сабаб бўлмоқда. «Асоссиз текширувлар олдини олиш учун, мен амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича Адлия вазирлиги, Инвестициялар бўйича қўмита, Давлат мулки қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитасига тегишли кўрсатма бердим», - деди давлат раҳбари.

Аввалроқ, баъзи бизнес вакиллари Тожикистонда хусусий тадбиркорларга муносабат яхшиланмаса, мамлакатда нафақат бизнес инқирозга учраши, балки инвестициялар оқими ҳам тўхташини хабар беришганди.

Баъзи маҳаллий тадбиркорлар ватанларини тарк этиб, ҳозирда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда бизнес юритишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, давлат органларининг кўплаб текширувлари, молиявий баҳсларни адолатли кўриб чиқиш учун мустақил суд тизимининг етишмаслиги ва бизнесни йўқотиш хавфи туфайли мамлакатдан ўз капиталларини олиб чиқишга мажбур бўлишган.

Шу билан бирга, давлат раҳбарининг таъкидлашича, ўз навбатида, тадбиркорлар ҳам виждонли бўлиши керак. «Солиқ юклари кучсизланганига қарамай, ҳалигача айрим тадбиркорлар солиқдан қочишмоқда ва реал даромадларини яширишмоқда», - дея таъкидлаб ўтди президент. Унинг қўшимча қилишича, жорий йилнинг саккиз ойида тадбиркорлар томонидан яширилган солиқ тўловларининг миқдори 1,5 миллиард сомонийдан кўпроқни (170 млн. доллар) ташкил қилди.

Мавзуга оид