12:00 / 17.11.2017
64841

«Унинг қилмишидан кўпчиликнинг қалби ларзага келди» - ИИВ раҳбари 4 ёшли қизини урган собиқ ходим ҳақида 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

4 ёшли ўз қизини урган ички ишлар идораларининг собиқ ходими «қусурлари учун соҳадан четлатилган». Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди.

«Яқинда тўрт ёшли қизчасини аёвсиз калтаклаб, таҳқирлаган одам ҳақида ҳамма эшитди. Унинг қилмишидан кўпчиликнинг қалби ларзага келди. Халқимизга ёт бўлган бундай тубанликни амалга оширган шахс собиқ ички ишлар ходими бўлгани ҳам соҳада инсоний қиёфасини йўқотган, такаббурликка берилганлар учраши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини кўрсатди. Яхшиямки, у ана шундай қусурлари учун соҳадан четлатилган. Бўлмаса ўз фарзандини аямаган қанча одамлар бошига не кўргуликларни соларди», - дея айтиб ўтди ИИВ раҳбари ЎзА’га берган интервьюсида.

Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилда зиммасидаги вазифаларни бажармаган, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этмаган ходимлар ишдан бўшатилгани ҳам соҳанинг тобора тозаланиб, том маънода халқчил тизимга айланиб бораётганини кўрсатади.  

«Халқнинг тинч ва хотиржам ҳаёти учун масъул бўлган ички ишлар органлари ходимларидан касбга садоқат, фидойилик талаб этилмоқда. Бундай юксак инсоний фазилатлар, албатта, ҳар жиҳатдан етук, маънан баркамол ходимлардагина бўлиши сир эмас. Шу жиҳатдан соҳада ходимларнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай айрим ички ишлар ходимларининг қўпол муомала қилиши, вақтида ёрдамга етиб келмаслиги, тамагирлиги, жиноятларни хаспўшлаши ҳолатлари учраб турибди», - деган Бобожонов.

Видео: Ота 4 ёшли қизчасини ёлворишларига қарамасдан калтаклади. Энди у жазоланади

Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқонов 16 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот брифингида 4 ёшли қизини урган ота аллақачон ўз қилмиши бўйича судда жавоб берган ва оталик ҳуқуқидан маҳрум этилгани, аслида унинг қизини ургани билан боғлиқ воқеа шу йилнинг апрель ойларида бўлиб ўтгани ҳақида маълум қилди. 

Top