Спорт | 14:00 / 20.11.2017
22771
2 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов ЖЧ-2018 ишлаши мумкин бўлган ҳакамлар рўйхатига киритилди

Спорт-Экспресс

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ЖЧ-2018 ўйинларини бошқариши мумкин бўлган ҳакамлар рўйхатидан ўрин эгаллади. Цюрихда ФИФА ҳакамлар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унда ЖЧ-2018 мусобақасида ишлаши мумкин бўлган 25 нафар реферилар саралаб олинди.

Агар Эрматов ЖЧ-2018 ўйинларида ҳам ишласа, навбатдаги рекордни янгилаши мумкин бўлади. Ҳозиргача айнан у мундиалларда энг кўп учрашувни (9 учрашув) бошқарган ҳакам бўлиб турибди. Унинг ҳар бир ўйинни бошқариши рекорднинг янгиланишига сабаб бўлади.

ФИФА томонидан эълон қилинган 25 нафар ҳакамларнинг 9 нафар Европа вакили бўлса, беш нафари – Жанубий Америка, тўрт нафари – Осиё, уч нафари – КОНКАКАФ ва яна бир нафар Океания реферилари саналишади. 

Ҳозирча бу ЖЧ-2018да ишлайдиган ҳакамларнинг сўнгги рўйхати саналмайди. Қўшимча тестлардан ўтилгач ва турли хил жароҳат ёки шунга ўхшаш ҳолатларни четлаб ўтган ҳакамлар мундиалда иштирок этади. Якуний рўйхат 2018 йилнинг январида эълон қилинади.

Ҳакамлар рўйхати:

Европа: Жунайт Чақир (Туркия), Бьёрн Куйперс (Нидерландия), Жанлука Рокки (Италия), Дамир Скомина (Словения), Йонас Эрикссон (Швеция), Антонио Матео Лаос (Испания), Шимон Марчиняк (Польша), Феликс Брих (Германия), Милорад Мажич (Сербия). 
Осиё: Равшан Эрматов (Ўзбекистон), Алиризо Фағоний (Эрон), Наваф Шукралла (Баҳрайн), Руюзи Сато (Япония). 
Африка: Бакари Гассама (Гамбия), Жанни Сиказве (Замбия), Геҳад Гриша (Миср). 
Марказий ва Шимолий Америка: Марк Гейгер (АҚШ), Хоэл Агиляр (Сальвадор), Сесар Рамос (Мексика). 
Жанубий Америка: Сандро Риччи (Бразилия), Нестор Питана (Аргентина), Вилмар Ролдан (Колумбия), Энрике Касерес (Парагвай), Жулио Баскуньян (Чили). 
Океания: Мэтт Конгер (Янги Зеландия).

Мавзуга оид