Ўзбекистонликларнинг неча фоизи Конституцияни ўқиган?
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги» мавзусида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди.
Сўровнинг кўрсатишича, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, яъни 69%и «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўқиганмисиз?» деган саволга ижобий жавобни танлади, ҳар учинчи респондент Асосий Қонуннинг мазмуни билан умумий жиҳатдан танишган. Конституциянинг асосий қоидалари ҳақида хабардорлигини билдирган респондентлар ўртасида олий маълумотли фуқаролар, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва талабалар устунлик қилади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, кўпчилик ёшлар Конституциянинг мазмуни билан яхши таниш эканликларини билдиришди, эркаклар Конституциянинг мазмуни ҳақида аёлларга нисбатан яхши хабардордир.
Тадқиқот фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмуни билан танишиш учун зарур бўлган сабабларни аниқлашга имкон берди. Сўров натижаларининг кўрсатишича, сўралганларнинг ярмидан кўпи Конституцияни ўз ташаббуси билан ўрганган, чунки улар ҳар бир фуқаро мамлакатнинг Асосий Қонунини билиши керак, деб ҳисоблашади. Фуқароларнинг учдан бир қисмдан кўпроғи Конституцияни таълим олиш жараёнида ўрганган. Олинган натижаларга мувофиқ, бўш вақт ва заруратнинг йўқлиги фуқароларнинг Конституция матни билан танишиш имконига эга бўлмаганликларининг асосий сабаби ҳисобланади.
Сўров фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўз тузилиши, йўналиши бўйича илгари Ўзбекистон ҳудудида амалда бўлган Конституциялардан тубдан фарқ қилиши ҳақидаги фикрини аниқлади. Ўзбекистонликларнинг фикрича, унинг ўзига хослиги шундан иборатки, Конституция мустақил, демократик давлат бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг мавжудлиги ҳолатининг ўзидан келиб чиқади.
Конституция биринчидан охирги моддасигача, фуқароларнинг фикрича, мустақиллик ва демократия ғоялари билан суғорилгандир. Фуқаролар сўров жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон ҳамжамиятининг ютуқларига асосланади, унда жинсига, миллатига, ирқига, ёшига, мулкий аҳволига, диний эътиқодига ва ҳ.к.ларга боғлиқ ҳолатда у ёки бу даражада инсон ҳуқуқларини камситадиган бирорта ҳам модда йўқ, деган фикрни билдиришди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида демократиянинг асос бўлувчи моҳияти мустаҳкамланган, унга мувофиқ «халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир».
Фуқароларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг умуминсоний қоидаларга асосланиши унинг кучли томони бўлиб ҳисобланади. Унга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти (24-модда), эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги (25-модда), шаъни ва қадри (25-модда) ҳамда мулк ҳуқуқи (36-модда), меҳнат қилиш ва ҳақ тўланадиган дам олиш, кексаликда ижтимоий таъминланиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш (37-41-моддалар) каби ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
80,6% ўзбекистонликларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси матни ўзининг лўндалиги, ифодаларнинг аниқлиги билан ажралиб туради, Асосий Қонуннинг матни аҳолининг кенг табақаларига тушунарлидир, бу уни «кучсиз томонлари бўлмаган мукаммал ҳужжатга айлантиради».
Сўровда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ижтимоий роли, унинг айнан нимада намоён бўлиши ҳақида мамлакат фуқароларининг тасаввурлари аниқланди. Олинган натижаларга мувофиқ, ўзбекистонликларнинг ҳисоблашича, мамлакат Конституциясининг ижтимоий роли фуқароларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, ижтимоий таъминланиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий таъминланиш каби ижтимоий ҳуқуқларининг таъминланишида намоён бўлади.
Сўралганларнинг фикрича, мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган нормалар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, шахсий ва ижтимоий мавқеларга қарамасдан фуқаролар учун қонун олдида тенг ижтимоий ҳуқуқларни таъминлайди.
Фуқароларнинг фикрича, Конституциянинг сиёсий роли шунда намоён бўлмоқдаки, Асосий Қонун мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини эълон қилди, у Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатларини бошқармоқда ва тартибга солмоқда, мамлакатнинг халқаро майдонда янада ривожланишига ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳуқуқий роли шундан иборатки, ўзбекистонликларнинг фикрича, мамлакат Конституциясининг қабул қилиниши туфайли жамиятдаги, фуқаролар ва давлат ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ҳуқуқий ва қонуний асосга эга бўлди, халқ иродасини ифодаловчи нормалар унинг тамал тоши бўлиб ҳисобланади.
Умуман олганда, мутлақ кўпчилик фуқароларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумэътироф этилган демократик қоидаларни амалга оширишга имкон берувчи демократик ҳуқуқий тизимнинг ўзаги бўлиб ҳисобланади, айни пайтда Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий яхлитлигини таъминлайди.
Сўровнинг кўрсатишича, аҳолининг ҳисоблашига кўра, қасамёд қилиш «Ўзбекистон Республикасига содиқликнинг кўриниши» саналади, ўзбекистонликларнинг фикрича, мамлакат фуқаролари ўзлари яшаётган мамлакат қонунларини билишлари ва бажаришлари шарт, қасамёд фуқаролар томонидан давлат ва жамият олдидаги ўз бурчини ҳамда ўз хатти-ҳаракатлари ва қилмишлари учун масъулият даражасини англашга ёрдам беради.
Сўров жараёнида фуқароларнинг фикрларида ўз конституциявий ҳуқуқларининг таъминланганлиги ва ҳимояланганлигига тегишли масалаларда юқори барқарор кўрсаткичлар қайд қилинди. Фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 94,8%и Ўзбекистонда ўз асосий конституциявий ҳуқуқларини тўла даражада таъминланган, деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
18:14 / 11.12.2024
Конституциявий суд прокурорларнинг иккита ваколатини бекор қилишга чақирди
17:35 / 02.12.2024
Сўровнома: Уйни иситишга неча пул сарфлайсиз?
17:03 / 29.10.2024
Европаликлар уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда — сўровнома
20:31 / 14.10.2024