Ўзбекистон | 10:42 / 25.11.2017
50676
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ва Тожикистон Роғун бўйича мақбул ечимни топиши керак»

Фото: Asia-Plus

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар трансчегаравий дарёларни бошқариш соҳасидаги ҳамкорликнинг йўқлиги туфайли ҳамон мураккаб бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази ва ADELPHI компанияси томонидан «Марказий Осиё бўйича сув муаммосини қайта кўриб чиқиш: ҳаракатсизлик зарари ва сув бўйича ҳамкорлик устунлиги» Blue Peace Швейцария ташаббуси доирасида ўтказилган қўшма тадқиқотда айтилади. 

Таъкидланишича, «бу Роғун ГЭС тўғонининг қурилиши бўйича мамлакатлар позициясида яққол кўринади».

«Ўтган йили Мирзиёев президентлик лавозимини эгаллагач, кескинлик бир қадар юмшаган бўлишига қарамай, томонлар муҳокамаларда Ўзбекистонга келаётган сув ҳажмининг камайиши факти ҳамда Ўзбекистон томонидан бериладиган кейинги саволларни эътиборга олиши керак», - дея таъкидланади тадқиқотда.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, Роғун лойиҳаси бўйича музокараларга йўналтирилган «сиёсий капитал» ҳисобга олинган ҳолда, «ҳар икки томон ўзини қониқтириши мумкин бўлган қарорнинг топилишидан манфаатдор, қўшма бўлмаган позициялар эса камида бир томонга, катта эҳтимол билан, ҳар икки томонга ҳам зарар етказади», дея хабар беради АП.

«Бироқ, катта харажатларга олиб келиш учун, сиёсий кескинликни беқарорликка қадар олиб келиш шарт эмас: ҳамкорликнинг йўқлиги ҳам денгизга чиқиш йўли бўлмаган тоғли Тожикистон учун катта зарар келтиради. Бу қўшни давлатлар билан бир фикрнинг йўқлиги сабабли имкониятлардан тўла фойдаланмаслик ҳисобига юз беради, ҳаттоки бошқа иқтисодий мураккабликлар ва хавфсизлик муаммолари ҳам иккинчи ўринга тушиб қолади», - дейилади тадқиқотда.

Тадқиқот муаллифлари «1990-йиллардаги фуқаролик уруши туфайли вайрон бўлган ҳамда сиёсий барқарорлиги ҳамон омонат турган» Тожикистонга қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни тавсия қилишган.

Ўзбекистон Ислом Каримов даврида Роғун ГЭСнинг қурилишига қатъий қарши чиққан.

Мамлакат ушбу ГЭСнинг қурилиши билан дарёлар суви камайиб кетишини маълум қилган, шунингдек, ГЭС тўғони бузиладиган бўлса, экологик фалокат хавфи билан огоҳлантирган.

Шавкат Мирзиёев президент лавозимига киришгач, расмий Тошкентнинг Роғунга нисбатан позицияси бироз ўзгарди: Ўзбекистон ТИВ раҳбари жорий йилнинг ёзида Ўзбекистон Роғун ГЭС қурилишига қарши эмаслиги, фақат бу жараёнда Ўзбекистон миллий манфаатлари ҳам ҳисобга олиниши лозимлигини маълум қилди.

Айни дамда Роғун ГЭС қурилиши билан Италиянинг Salini Impregilo компанияси шуғулланмоқда.

Ўтган йилнинг октябрида тошли тўғонни қуриш бўйича ишлар бошланди, унинг баландлиги 335 метрни ташкил этади. Бу иншоотни қуришга 1,95 млрд. доллар йўналтирилади.

Кутилишича, биринчи турбина келаси йилнинг охирида фойдаланишга топширилса, иккинчиси – 2019 йилнинг бошида. 

Мавзуга оид