Фан-техника | 00:32 / 10.02.2018
20556
7 дақиқада ўқилади

“VeloBOT” ҳақида эшитганмисиз? Ўзбек талабаларидан яна бир “smart” лойиҳа

Фото: Муҳаббат Мамирова

Велосипед энг арзон ва экологик жиҳатдан қулай транспорт воситаси ҳисобланади. Қатор имкониятларига қарамасдан, унга онда-сонда шуғулланиб туриладиган (асосан, дам олиш кунларида) кўнгилочар машғулот сифатида қараймиз. У транспортга бўлган кундалик эҳтиёжларимизни қондириш билан бирга узоқ ва бахтли ҳаёт кафолати бўлиши мумкинлигига ишонасизми?

Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари Мироқил Ёриқулов, Шоҳжаҳон Асатов ва Абулқосим Муҳиддиновлар  яратган VeloBOT  электрон дастури ана шундай имкониятларни тақдим эта олади. Бу тизим Best Soft Challenge – 2017 танловининг “Ақлли шаҳар IT лойиҳаси” номинациясида биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.  

Илова ёрдамида сиз куннинг тиғиз пайтида масофадан туриб исталган пайтда смартфон орқали сизга яқин бўлган велопарклардан велосипедни ижара олиш имкониятига эга бўласиз. Лойиҳа ҳақида дастур асосчиларидан бири Мироқил Ёриқуловдан тўлиқ маълумот олишга ҳаракат қилдик.

- Дастурни яратишга нима туртки берди?

- Хитой Халқ Республикасига сафар қилганимда Пекин, Шинжон каби мегаполисларда велосипедларга “электрон ижара” тизими ўрнатилгани гувоҳи бўлдим. Велосипедларнинг ҳар бири  GPS қурилмаси билан жиҳозланган. Бу оддий аҳоли учун қулай ва тезкор ҳаракатланиш воситасидир. Шу билан бирга анча ҳамёнбоп. Ўзим ҳам фойдаланиб кўрдим. Бу анъанавий ижара беришдан анча фарқ қилади: фойдаланувчи электрон тарзда велосипедни олдиндан банд қилиб қўйиши мумкин. Фойдаланиб бўлгач, исталган жойга қўйиб кетади. Қулфга ҳожат йўқ. Ҳаммаси электрон назорат остида бўлади.  Ҳаммамизга маълумки, мамлакат демографияси жадаллик билан ривожланаётган бир пайтда экологик хавфсиз транспортга талаб кучли. Шу каби омилларни ҳисобга олган ҳолда юртимизда ҳам бу тизимни яратиб, синаб кўришга қарор қилдик.

- Лойиҳани тайёрлаш жараёни қандай кечди?

- Лойиҳамиз учун айрим керакли мосламаларни Хитойдан олиб келдим, чунки бизда бутловчи, эҳтиёт қисмларни топиш қийин. Университетимиз лабораториясида жамоамиз билан велосипедга ўрнатиш учун қулф прототипини яратдик. 3D форматидаги ушбу қурилма моделини чизиб, принтердан чиқариш учун камида ўн соат сарфланади. Принтер ишлашида бирор муаммо бўлса, модель сифатига ўз-ўзидан салбий таъсир ўтказади.  Мана шу жиҳатида қийналдик. Қолаверса, тизимни ишга туширадиган бир қанча дастурлар ишлаб чиқдик. Илмий раҳбаримиз Жонибек Тожиев юзага келган камчиликларни бартараф этишга ёрдам берди. Шундай қилиб, стартапимиз олти ой давомида яратилди.

- VeloBOTни шаҳримиз кўчаларида кенг тарғиб қилиш учун ишни нимадан бошлайсиз?

- Биз алоҳида режа ишлаб чиққанмиз: бошланишига битта бекат ёнида ихчам велопарк қурамиз. Ишни 5 дона велосипеддан бошласак, мақсадга мувофиқ бўлади. У ерни қўшимча ускуналар билан жиҳозлаш зарур. Бунга кўпи билан 3 ой вақт кетади. 

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, умумий харажат 5500-6000 АҚШ долларини ташкил этади. Албатта, бир йилдан сўнг у ўзини қўшимча фойдаси билан оқлайди.  Биринчи босқичда, синов тариқасида автобус бекатлари ёнида велосипедлар турар жойини ташкил қиламиз. Уларга ақлли мослама  ўрнатилади. Шу билан бирга бекатда Wi-Fi тизими узлуксиз ишлаб туради. Аҳоли қўл телефонида VeloBOT мобил иловасига кириб хавфсиз  электрон ижарани амалга оширишлари мумкин бўлади. 

Иккинчи босқичда, аҳоли гавжум ҳудудларда ташкил қиламиз ва велосипедларнинг эркин ҳаракатланиши учун алоҳида йўлкалар барпо этилади. Кейинги босқичларда талабдан келиб чиқиб кўчанинг одамлар серқатнов қисмларига татбиқ қиламиз. Шунингдек, сайёҳлар учун меҳмонхоналар олдида вело-майдончаларни ташкил қилиш керак. Бу яна бир сифатли хизмат тури сифатида оммалашишига ишонамиз. Ўзбек туризми ривожида яна бир муҳим қадам ташланади. Энг катта мақсадимиз – одамларнинг узоғини яқин қилиб, шаҳар экологиясини яхшилаш орқали аҳоли саломатлигига ўз ҳиссамизни қўшиш. 

- Тизимни яратиш учун қанча маблағ сарфладингиз?

- 500-600 минг сўм. Қолган харажатлар университет ҳисобидан молиялаштирилди.

- Best Soft Challenge – 2017 танлови ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- 2017 йилнинг август ойида рўйхатдан ўтдик. Ноябрда саралаш босқичи бўлиб ўтди. Бунда сиз тақдим этган лойиҳа номинация учун мослиги аниқланди. 1 – 2-декабръда сўнгги республика босқичи ўтказилди. Вилоятлардан қатнашган ёшлар онлайн тарзда тақдимот қилиб беришди. Биз ҳам ўз ишимизни ҳавола этдик. Бизда тайёр модель бўлгани учун ҳакамлар юқори балл қўйишди.

- Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасида қандай тўсиқлар мавжуд?

- Энг аввало, малакали дастурчилар тайёрлашга катта эътибор бериш керак. Бизда маҳоратли кадрлар танқислиги мавжуд. Хориж тажрибасидан намуна олишимиз керак. Балки, чет элда танилган профессор-ўқитувчиларни маҳаллий университетларда маҳорат дарсларига таклиф қилиш керакдир. IT компаниялар билан шартнома қилиб, у ерда кадрлар малакасини ошириш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди. 

Шу билан бир қаторда соҳага қизиқиши бўлган иқтидорли дастурчилар учун махсус курсларни ташкил қилиб, ҳар битта яратган ихтироси учун маълум миқдорда моддий рағбат ажратиш керак. Бир вақтнинг ўзида янги лойиҳалар учун синов майдончалари ташкил қилиш мумкин. Маҳаллий ва хориж инвесторларининг янги ихтиролардан доимий равишда бохабар бўлиб бориши таъминланса яхши бўларди. Юртимизда ахборот технологиялари жабҳасини такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлаб уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб танловлар ўтказиляпти. Бу яхши, албатта. Лекин фақат тақдирлаш, эътироф этишнинг ўзи етарли эмас. Янгиликни ҳаётга татбиқ этиш, уни маблағ билан таъминлаш масаласи очиқлигича қолмоқда

- Келажакдаги режаларингиз.

- Онлайн тўлов тизимини янада такомиллаштириш. Шу каби дастурлар яратиладиган фирма очиб у ерда малакали дастурчилар тайёрлаш ҳамда доимий иш ўринларини яратиш ниятим бор.

Муҳаббат Мамирова​ суҳбатлашди

Мавзуга оид