22:35 / 15.06.2018
6190

Азиз Абдуҳакимов Парижда ЮНЕСКО қошидаги хорижий мамлакатлар элчилари билан учрашди

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Францияга ташрифининг иккинчи кунида ЮНЕСКО қошидаги Бахрайн элчиси Муҳаммад Абдул Ғаффор, Бразилия элчиси Мария Реис, Гватемала элчиси Луис Фалла, Хитой элчиси Шен Янг, Кувайт элчиси ўринбосари Муҳаммад Ал-Мутаирий ва Уганда элчиси Элли Каферо билан учрашувлар ўтказди. KUN.UZ ҳукуматдаги манбасига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Музокаралар доирасида чет эл дипломатларига Ўзбекистонда ноёб меъморчилик ёдгорликлари, тарихий объектлари ва диққатга сазовор жойларни сақлаб қолиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашувларда маданий-тарихий меросни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилишига, шунингдек президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўзбек халқининг бой маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бошланган кенг кўламли лойиҳалар тақдимотига алоҳида эътибор қаратилди. 

Учрашув давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 июндаги "ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қарорида кўрсатилган устувор йўналишлар ва вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хорижий мамлакатлар дипломатлари республикамизнинг иқтисодий ва маданий, шунингдек туризм соҳаларидаги салоҳияти билан танишиш имконига эга бўлишлари учун Ўзбекистонга таклиф қилинди. 

Бундан аввал KUN.UZ'да Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТнинг таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича махсус муассасаси ва унинг Парижда рўйхатдан ўтган аъзолари билан ўзаро конструктив ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Францияга ташрифни амалга ошираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Бахрайн элчиси Муҳаммад Абдул Ғаффор билан 

Бразилия элчиси Мария Реис билан

Гватемала элчиси  Луис Фалла билан

Хитой элчиси Шен Янг билан

Кувайт элчиси ўринбосари Муҳаммад Ал-Мутаирий билан

Уганда элчиси ўринбосари Элли Каферо билан

Top