Жаҳон | 09:35 / 14.07.2018
15211
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВдагилар НАТОни «бефойда ҳарбий блок» деб аташди

Фото: AFP/ Virginia Mayo

Россия ташқи ишлар вазирлиги НАТО саммитининг якуний баёнотига муносабат билдириб, Шимолий Атлантика альянсини «бефойда ҳарбий блок», деб атади.

Илгарироқ саммит қатнашчилари Россиянинг альянс чегараларидаги «провокацион фаолияти» ҳақида гапириб ўтишган эди. НАТО, шунингдек, Россияни «Калининградда қўш мақсадли замонавий ракеталарни ўрнатиш»да айблаган. Бундан ташқари, альянс вакиллари «НАТО мамлакатлари ҳаво ҳудудига бир неча бор бузиб кирилгани ва Қримда ҳарбий салоҳият юксалтирилаётгани»ни таъкидлашган.

Россия сенати — Федерация Кенгашида ҳарбий блокнинг Россия томон айбловларини абсурд деб баҳолашган.

«Саммитнинг баёнотига эътибор беринг. Бу абсурднинг чек-чегараси бормикан?», — деб ёзган Федерация Кенгашининг халқаро қўмитаси раҳбари Константин Косачев ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида.​

Ҳарбий блокнинг тажовузкорона режалари

Россия Давлат думаси мудофаа ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Юрий Швиткин, ўз навбатида, альянс Россия чегаралари олдида тажовузкорона режаларни ишлаб чиқаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳол безовта қилмасдан қўймайди.

Депутат, шунингдек, Шимолий альянс ҳарбий харажатларни ошириб, ўз салоҳиятини кучайтирмоқчи эканлигини қайд этди.

«Албатта, жумладан, Озарбойжоннинг НАТО саммитига таклиф этилиши ҳам ўзининг ҳарбий таъсирини ошириш ва (Россия чегаралари яқинида) яхшироқ жойлашиб олишни кўрсатиб турибди», — деган сиёсатдон.

Парламент аъзоси саммит Россия ва НАТО давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларга рахна солувчи ёндашувни намоён этиб берганини қайд этди.

Мавзуга оид