Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
Германия канцлери яна бир бор НАТО бўйича ҳамкорларни «Украинани узоқ муддатда қўллаб-қувватлашни таъминлашга» чақирди.
Германия канцлери Олаф Шолц 19 декабр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа етакчиларининг учрашувида яна бир бор НАТО бўйича ҳамкорларни Украинага узоқ муддатли ёрдам кўрсатишга чақирди. «Аён бўлиши керакки, биз зарур бўлганда ёрдам беришга тайёрмиз», деди унинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa агентлиги.
Шунингдек, Шолц Германия иттифоқчиларидан Киевни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия ва ўқ-дорилар билан таъминлаш имкониятларини кўриб чиқишни сўраган ва Берлин «Украинанинг Европадаги энг катта ёрдамчиси бўлишда давом этишига» ваъда берган. Бундан ташқари, сиёсатчи Европа давлатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик Доналд Трамп Оқ уйга келганидан кейин ҳам давом этишига ишонч билдирди.
ЕИ етакчилари: Украинани четга суриб қўйган ҳолда музокаралар бўлиши мумкин эмас
Урушнинг тугаши мумкинлиги ҳақида гапирган Шолц, Украина иштирокисиз ҳеч қандай қарор қабул қилинмаслигини яна бир бор таъкидлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, НАТО Россия билан тўғридан тўғри қарама-қаршиликка тортилмаслиги муҳим.
Шолцнинг фикри бошқа Европа етакчилари томонидан такрорланди. Шу тариқа, Люксембург бош вазири Люк Фриден Европа «Украина томонида туриши ва ҳар бир қадамни Украина билан биргаликда ва Европа Иттифоқи иштирокида ташлаши керак» деди. «Украинанинг келажаги бошқа жойда эмас, балки Европада ҳал қилинмоқда», — дея қўшимча қилди у.
Нидерландия бош вазири Дик Схофнинг айтишича, Украина «музокаралар қандай шароитда бўлишини белгиловчи» давлат бўлиши керак. «Айни пайтда Украина бунга тайёрлигини (музокараларга ўтишни) аниқ айтмади», деди сиёсатчи.
НАТО АҚШни Украинага ҳарбий ёрдам координатори ролида алмаштирди
Шимолий Атлантика алянси АҚШ ўрнига Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишини мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда 17 декабр куни манбаларга таяниб, Reuters агентлиги хабар берди. Уларга кўра, НАТО шу йўл билан АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Киевни қўллаб-қувватлаш механизмини ҳимоя қилмоқчи.
Илгари Киевга ҳарбий ёрдамни Вашингтон бошчилигидаги Рамштайн гуруҳи мувофиқлаштирган, у Германиядаги худди шу номдаги АҚШ ҳаво кучлари базасида йиғилган. Энди, Reuters маълумотларига кўра, Германиянинг Висбаден шаҳридаги Америка ҳарбий базасида жойлашган НАТОнинг Украина учун хавфсизлик ва таълим (NSATU) алянсининг янги миссияси аллақачон буни амалга оширишга киришган.
Агентликнинг таъкидлашича, ваколатларнинг НАТОга ўтказилиши чекланган самара бериши мумкин, чунки Трамп президентликка келганида Американинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини камайтириши эҳтимоли бор. Шу пайтгача Қўшма Штатлар ушбу кўрсаткич бўйича дунёда етакчилик қилган: Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (ifw) ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил январидан 2024 йил январигача Вашингтон Киевга 42,2 миллиард евро ажратган. Ёрдам ҳажми бўйича Германия 17,1 миллиард билан иккинчи ўринда эди.
Мавзуга оид
09:55
Шолц ва Трамп телефон орқали Украинадаги урушни муҳокама қилди
22:59 / 19.12.2024
Ташқи қарз босими: коалиция тарқади, Шолц ютқазиши мумкин
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
21:58 / 16.12.2024