Ўзбекистон | 23:46 / 28.11.2018
10847
7 дақиқада ўқилади

Оролбўйи минтақаси учун БМТ шафелигида махсус фонд тузилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида 27 ноябрь куни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси, Норвегия ва Япония ҳукуматлари томонидан БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича бўлими ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда БМТ махсус тузилмалари, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, АҚШнинг етакчи компания ва банк-молия институтлари, халқаро нодавлат экология бирлашмалари, илмий доираларидан 300 га яқин иштирокчи қатнашди.

Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондини ташкил этиш борасидаги мамлакатимиз ташаббусининг БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамият билан минтақада экологик инқироз оқибатларига барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш шароитини ошириш йўлидаги фаол мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.

Мамлакатимиз делегацияси вакиллари юқори даражали тадбир аввалида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва Траст фонди фаолиятини ташкил этишдаги кўмаги учун миннатдорчилигини етказди.

Антониу Гутерриш давлатимиз раҳбарига ўзининг эзгу ниятлари ва 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашув чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини етказишни сўради.

Тадбирнинг очилишида Антониу Гутерриш сўзга чиқди ва Траст фондининг ташкил қилинишини “Жабрланган минтақа тарихида янги саҳифа”, деб баҳолади. Бу бежиз эмас, албатта.

Бош котиб 2017 йилнинг июнь ойида Оролбўйи ҳудудларига сафар қилган ва жаҳондаги йирик ички сув ҳавзаларидан бири Оролнинг қуриб бориши туфайли минтақада издан чиқаётган ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўз кўзи билан кўрган, инсонлар турмуш тарзи ва келажакка ишончи сўниб бораётганига гувоҳ бўлган эди. Олий мартабали меҳмон бундай вазиятга “жаҳон миқёсидаги талофат” сифатида қараган эди.

Оролбўйи минтақаси муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш ва минтақа ривожи учун техник-молиявий ресурсларни сафарбар қилиш Траст фондининг асосий мақсад-вазифаларидан саналади. Шу маънода Антониу Гутерриш донор ҳамжамиятлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш имконини берадиган ушбу тузилма маҳаллий аҳолининг йўқолаётган умидларини қайтариш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш имконини беришини таъкидлади.

Орол фожиаси замонамизнинг энг йирик экологик муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Денгиз тубидан кўтарилаётган чанг йилига 80 миллион тоннага яқин туз ва зарарли кимёвий унсурларни Шарқий Европадан Ҳимолай тоғларигача, Антарктида қирғоқлари-ю Гренландия музликларига ва ҳатто Норвегия ўрмонларигача бўлган улкан ҳудудга ёяётгани “Йўқотилган умидлар” иборасини теранроқ англаш ва муаммонинг нечоғли ҳалокатли тус олганини тушуниш имконини беради.

Бугунги кунда экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан биридир. Шунга мувофиқ, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратди. Президентимиз ташаббуси билан 2018–2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилиниши эса, Ўзбекистоннинг бу каби экологик ҳалокат оқибатларига қарши курашдаги ўзгармас сиёсатини ўзида акс эттирди.

Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ҳам иштирок этди ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш, инсон ҳаётига ҳалокатли таъсирларни юмшатиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилгани ҳамда унинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида маъруза қилди.

Орол денгизининг қуриши дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири бўлиб, минтақадаги ҳукуматлар ва ҳамжамиятлар учун қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий, тиббий ва гуманитар муаммоларнинг сабабчиси, деб ҳисобланади. Бугунги кунда ҳудудда ичимлик суви танқислиги, турли касалликларнинг кенг тарқалиши, оналар ва болалар ўлимининг ортиши кузатилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди ва бу ердаги вазият билан яна бир бор яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан ушбу ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни самарали рўёбга чиқариш мақсадида келгуси икки йилда умумий қиймати 1,5 миллиард АҚШ доллари бўлган 800га яқин лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Тадбирда Траст фондини ташкил этиш ташаббусини 2015 йилда Ўзбекистон томони илгари сургани қайд этилди. Анжуманда Япония, Норвегия, Нигерия, Қозоғистон, Жазоир, шунингдек, қатор нодавлат ташкилотлар вакиллари ушбу фонд фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Форум доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг Фонд жамғармасига ҳар йили 2 миллион АҚШ доллари ажратиши таъкидланди. Норвегия делегацияси аъзолари ҳам сўзга чиқиб, мамлакат ҳукуматининг Фонд жамғармасига 1,2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш бўйича қарори ҳақида маълумот берди.

Форум якуни бўйича матбуот анжумани ташкил қилинди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда ушбу форум ўз аҳамиятига кўра нафақат фонд фаолиятида, балки Марказий Осиё минтақасида экология ва сувдан фойдаланиш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар минтақа халқлари фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Мавзуга оид