Спорт | 18:02 / 11.02.2019
13789
4 дақиқада ўқилади

Миржалол Қосимов: «Легионерларимиз ҳали тўлиқ тайёр эмас»

Осиё Чемпионлар лигаси саралашининг 2-босқичи доирасидаги ОКМК–«Истиқлол» учрашуви олдидан матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ва яримҳимоячи Жасур Ҳасанов иштирок этди.

«Худо хоҳласа, эртага ОКМК учун янги мавсум бошланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ОКМК, «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларига ҳам омад ёр бўлишини тилайман. Эртага Олмалиқда ҳамма кутаётган ўзига яраша ўйин бўлади. Шогирдларимга осон бўлмайди. Яхши ният билан майдонга тушамиз. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Битта муаммо - мавсум бошида турганимиз. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда майдонга ғалаба учун тушамиз», - деган Миржалол Қосимовнинг сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.

- Иккала жамоага ҳам янги мураббий ва янги футболчилар келган. Бундан ташқари, мавсум боши. Шундай ҳолатда ғалаба қозониш учун нима муҳим роль ўйнайди, деб ўйлайсиз?
- Ҳақиқатдан ҳам янги жамоа. Энг аввало муҳитни яхшилаш лозим. Чизиқлардаги боғлиқликни ўрнатишга ҳаракат қилдик. Майдонга чиққандан кейин мухлислар учун ўйнашни мақсад қилганмиз. Ҳар бир ўйинчи охиригача курашиши керак. Юракдан ўйнаш керак. Ўйинчи майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашса, ўйлайманки натижа яхши бўлади.

- Легионерлар ҳақида фикрларингиз.
- Ҳозирча улар тўлиқ тайёр эмас. Бундан ташқари, бир легионеримиз жароҳат олиб қолди. Қолаверса, улар бизга кечроқ қўшилишди. Ҳали мавсум узоқ давом этади. Шу боис яқин орада уларнинг фойдаси тегади. Улар жамоага мослашиб кетишлари лозим.

- «Истиқлол» ҳақида қандай фикрдасиз?
- Жамоанинг Анталияда ўтган мавсумолди йиғинларидаги ўйинларини кўрдик. Аммо видеода кўриш бошқа, майдонда кўриш бошқа. Менга мураббийларниннг барча кўрсатмаларини бажарадиган футболчилари ёқди. Ўйинчиларнинг қисқа, ўрта, пастларини кўрдим. Менда жамоа яхши таассурот қолдирди.

- Таркибга кўплаб янги футболчилар таклиф этилди. Аммо тан олиш керак, жамоада ўзини ортидан эргаштира оладиган етакчи футболчи йўқ. ОКМК янги мавсумда «Локомотив» ва «Пахтакор» каби клубларга рақобат қилишни мақсад қилганми?
- Футбол жамоавий ўйин. Агар Месси бўлганида бошқа гап эди (кулади). Аммо биз жамоавий ўйинни тўғри йўлга қўйишимиз керак. Ўйинчилар бир-бирига ёрдам берса, натижа бўлади. Таркиб имкон қадар кучайтирилди. Аммо селекция ишлари бирданига бўлмайди. Вақтимиз кам бўлди. Йигитларга ишонаман, эртага майдонда яхши ҳаракат қилишади.

- «Истиқлол»ни ҳурмат қилган ҳолда кейинги рақибни ўрганиш ишлари бошландими?
- Албатта, рақибни ҳар доим ҳурмат қилиш керак. Осиё Кубогида кўрдик. Ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Осон бўлмайди. Принципим шундай: ўйиндан ўйинга сакрамайман. Ҳаммаси бир бошдан бўлади. Шундай экан, ҳозир бу ҳақида гапиришга бироз эрта.

- Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти ва олмалиқлик мухлисларга қандай тилакларни билдирасиз?
- Аввало, раҳбариятга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қисқа муддатда бизга барча шарт-шароитларни яратиб беришганига йигитлар номидан ташаккур билдириб қоламан. Мухлислар учун майдонга тушамиз. Уларни эса стадионга келиб бизни қўллаб туришларини сўраб қоламан. Олмалиқда яхши жамоа шакллантирса бўлади. Мақсадимиз, ОКМКни кучли жамоага айлантириш. Мухлисларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади, насиб қилса.

- Осиё кубогида Қирғизистон, Туркманистон, Ветнам терма жамоаларининг кучли ўйинини кўрдик. Жамоа ушбу термалар футболчилари хизматидан фойдаланса бўлмайдими?
- Юқорида ҳам айтдим, вақт оз бўлди. Селекция ишларида чертиб-чертиб легионер танланади. Ҳозирча ўзимизнинг футболчиларнинг имкониятидан фойдаланишни маъқул кўрганмиз.

Эслатиб ўтамиз, ОКМК–«Истиқлол» учрашуви эртага, Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида соат 16:00да старт олади.

Мавзуга оид