20:38 / 21.02.2019
8787

Ўзбекистон «Газпромбанк»нинг 300 миллион долларлик кредитини жалб қилмоқчи

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нефть-газ ва кимё саноатини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш вақтида «Газпромбанк»нинг 300 миллион долларлик кредитини жалб қилиш бўйича топшириқ берди. 

«Энергетика ва Молия вазирликларига «Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси бўйича 2,3 миллиард долларлик хорижий кредитларнинг молиялаштириш шартларини белгилаш, «Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш» лойиҳаси бўйича «Газпромбанк»нинг 300 миллион долларлик кредитини жалб қилиш вазифаси юклатилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида

Қайд этиш керакки, шу йилнинг январида «Ўзбекнефтгаз» ва «Газпромбанк» вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган, Ўзбекистон томони ушбу компанияни илк евробондларни чиқаришда глобал мувофиқлаштирувчилардан бири сифатида танлаганди.

Февраль ойида эса Ўзбекистон Республикаси томонидан JP Morgan – глобал координатор ҳамда қўшма букраннер, Citi ва Газпромбанк – қўшма лид-менежер ва букраннерлар этиб тайинлангани маълум бўлди.

«Газпромбанк» ҳозирча бу маълумот юзасидан изоҳ бермади.

Top