Жамият | 22:34 / 18.04.2019
10190
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz хайрия акцияларига "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳам қўшилди

Маълумки Kun.uz сайти таҳририяти мунтазам равишда эҳтиёжмандлар учун хайрия акциялари уюштириб келмоқда. Ана шу масъулиятли масалада бизга кўмак берувчи ҳамкор, муҳтожларга ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам ташкилий масалаларда ёрдам беришга қодир ташкилот ташаббус кўрсатди ва сафимизга қўшилди.

Жамоамиз Тошкент шаҳрида жойлашган Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтидаги кўмакка муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиб келмоқда, хайрия акциялари уюштирмоқда.

Ёдингизда бўлса, сайтимизда “Ёрдам сўраш жуда оғир, лекин болам учун мажбурман”. Она оққонга чалинган фарзанди учун кўмак сўрамоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Мақолада саховатли инсонлар кўмагига муҳтож бир қатор юртдошларимиз – беморлар ҳақида ҳикоя қилинганди.

Хайриядан сўнг уларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида боғланганимизда оналар “ҳа, жуда кўпчилик қўнғироқ қилишди, рақамимизга пуллар туширишди, шахсан келиб ҳол-аҳвол сўраб кетганлар ҳам бўлди. "Маҳалла"дан ҳам келиб ҳар биримизга камида бир миллион сўмдан ёрдам беришди” деганларида ҳайрон қолдик. Сабаби, беморларнинг аксарияти турли вилоятлардан келишган, ўзларининг ҳудудий маҳалла фуқаролар йиғини бир вақтда ҳаммаларига ёрдам қилиши ҳақиқатга унчалик тўғри келмасди.

Аммо улар билан суҳбатимиз давомида муҳтожларга "Маҳалла" хайрия жамоат фонди кўмак бергани маълум бўлди.

2016 йилда Наманган туманида туғилган Ҳасанжон Муҳаммадалиевнинг онаси Гулноза Собированинг таъкидлашича, кўплаб ҳамюртларимиз кўмак беришгани қаторида бу ташкилотнинг ҳам хабар олишидан жуда хурсанд бўлишган.

– Фарзандинг бемор бўлганида, имкониятларинг чекланиб қолганида ҳар қандай ёрдамдан кўнглинг кўтариларкан, тўлқинланаркансан киши. Шукрки яхши инсонлар кўп, моддий ёрдам беришди. "Маҳалла" фондидан пул билан кўмак беришгани айни вақтида бўлди. Биласиз, бу касаллик билан курашиш катта куч ва маблағ талаб қилади. Жамғарма томонидан берилган маблағни ўғлимнинг даволаниши учун сарфладик ва жуда миннатдормиз.

Фонднинг айнан шу масалалар билан шуғулланувчи вакили Наргиза Абдуллаеванинг маълум қилишича, ташкилот хайрия акцияларини мунтазам кузатиб боради ва махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, муҳтожларга ёрдам берилади. Ҳозир Навоий вилоятидаги мураккаб вазиятга тушган оилага ҳам 10 млн сўм ажратилмоқда.

Демак, сайтимизнинг хайрли ишлардаги ҳамкорлари яна бир ташкилотга кўпайди ва биз бундан фақат хурсанд бўламиз.

Мавзуга оид