14:15 / 21.01.2020
0
24518

ОАВда ИШИДнинг янги етакчиси исми ошкор қилинди

Фото муаллифи: Abdullah Rashid/Reuters

Амир Муҳаммад Абдулраҳмон ал-Мавлий ас-Салбий ИШИД террорчилик ташкилотининг янги етакчиси бўлди. Бу ҳақда разведка хизматидаги манбаларига асосланган ҳолда Британиянинг The Guardian нашри хабар берди.

Ҳожи Абдулла ва Абдулла Қардош каби лақабларга ҳам эга бўлган ас-Салбий ташкилот асосчиларидан бири саналади. У Ироқнинг Талль-Афар шаҳрида туғилган ва ҳудуддаги туркман миллатига мансуб ҳисобланади. У ИШИД раҳбариятидаги араб бўлмаган кам сонли қўмондонлардан бири бўлганди.

ИШИДнинг янги раҳбари Амир Муҳаммад Абдулраҳмон ал-Мавлий ас-Салбий / Twitter

Махсус хизматлар маълумотларига кўра, ал-Салбий Мўсул университетида шариат қонунлари бўйича илмий даража олган, ташкилотнинг ғоявий раҳнамоси бўлган. 2004 йилда у Америка ҳарбийлари томонидан қўлга олиниб, Ироқ жанубидаги Кэмп-Букка қамоқхонасига жойлаштирилган, айнан ўша ерда ал-Бағдодий билан танишган.

Айрим маълумотларга кўра унинг ўғил фарзанди бор.

АҚШ Давлат департаменти 2019 йилда, ал-Бағдодийнинг ўлдирилишидан олдинроқ ас-Салбий қаердалиги тўғрисидаги маълумот учун 5 миллион доллар миқдорида мукофот ваъда қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 27 октябрида Сурия шимолида америкалик ҳарбийлар ўтказган амалиёт натижасида ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий йўқ қилинганди. 

Аввалига унинг ўрнини Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший эгаллаши ҳақида хабарлар тарқалганди, бироқ The Guardian маълумотига кўра, террорчилик ташкилотида уни тан олишмаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top