21:36 / 26.06.2021
17728

26 мингдан зиёд ер майдони аукционга чиқарилмаган, 1331та ҳолатда ерлар тўғридан тўғри бериб юборилган — Бош прокуратура

Ер участкалари онлайн аукцион орқали сотиш мажбурий этиб белгиланган бўлса-да, шу пайтгача мутасаддилар 26 мингдан зиёд ер майдонини аукцион савдосига чиқармаган, деб маълум қилди Бош прокуратуранинг Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори Азим Сатторов.

– Ер фақат аукцион орқали ажратилиши анча олдин бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган эди. Янги қабул қилинган фармон билан амалда нималар ўзгармоқда? Янги тартиб аввалгисидан қандай фарқли жиҳатларга эга?

– Ер бу – капитал, бугунги кунда биз уни бозор активига айлантириш бўйича иш олиб боряпмиз. Эндиликда фармон билан маҳаллий ҳокимликлар томонидан ерни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш ҳолатлари бўлади. Ерга нисбатан мулк тариқасида қаралмасдан, вақтинча фойдаланиш учун бериб келинарди. Энди эса олдин амалда бўлган 6 кўринишдан 3таси бекор қилиниб, ерни мулк ҳуқуқи ва ижара асосида бериш тартиблари янгидан амалиётга жорий қилинмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, ер мулк қилиб берилса, фуқарода банкдан кредит олиш учун уни гаровга қўйиш ёки ерни сота олиш каби ҳуқуқлар пайдо бўлади. Энг асосийси, аукцион орқали сотилган ердан тушган маблағ давлат иқтисодиётини ривожлантириш учун ишлатилади.

Қишлоқ хўжалик ерларидан ташқари ерларни аукционга қўйиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги 1023-сонли қарори ва низоми қабул қилинган. Низом асосидаги тартиб сақланиб қолади. Ер майдонларини аукцион орқали сотиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ҳозиргача 55 949та, яъни 3 минг гектар ер майдони E-auksion тизими орқали киритилган, 26 мингдан зиёд ёки 46 фоизини аукционга чиқариш чоралари кўрилмай қолган.

Аукцион тизими 2 йилдан бери ишлаб келяпти, лекин унда айрим муаммоларга дуч келиняпти. E-auksion тизими орқали чиқаришда бир қатор мутасадди идоралардан келишиш учун чиқарилади. Шу жараёнда ташкилотлар келишмасдан рад қилиш, яна аукционга қўйиш каби ҳолатлар кўп учрамоқда.

jkV3zIQaCcBNI3s1V6xXWx2gplSU2aId.jpg (808×497)
Азим Сатторов

2021 йил 16 июнь ҳолатига, республика бўйича “YERELEKTRON” ахборот тизимига киритилган 26 016та ер участкасини аукционга чиқариш чоралари кўрилмаган. Жумладан, Қашқадарёда 3 573, Тошкентда 2 878та, Наманганда 2 619, Сурхондарёда 2 594, Хоразмда 2 253, Бухорода 2 024, Фарғонада 1 999, Самарқандда 1 871, Андижонда 1 459та, Қорақалпоғистонда 1 237, Навоийда 1 158, Жиззахда 1 027, Сирдарёда 741, Тошкент шаҳрида 583тани ташкил этади.

Шунингдек, ер ажратиш қатъий аукцион орқали қонунчилик билан белгиланган бўлишига қарамасдан, 1331та ҳолатда ер майдонлари ҳокимлар томонидан республика бўйича аукцион орқали сотилмасдан, тўғридан тўғри бериб юборилган. Ушбу ер майдонлари Андижонда 326, Хоразмда 261, Қашқадарёда 248, Сурхондарёда 165, Наманганда 116, Сирдарёда 48, Жиззахда 33, Фарғонада 32, Тошкент шаҳарда 21, Самарқандда 16, Тошкентда 13, Навоийда 8 ва Бухорода 8тани ташкил этади.

– Янги тизимда аввалги тизимдаги камчиликлар олди олинадими? Фуқаролар ёки тадбиркорлар ўзи яшайдиган маҳалладан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилмайдиган бўш турган ерларни аукцион орқали сотиб оламан деса, ер аукционга киритилмаган ва ҳоким қарори билан олиш имкони бор эди. Янги тартиб билан ер ажратишдаги шу каби камчилик ва бўшлиқларга чек қўйиладими?

– Фармон ижросини ташкил қилиш мақсадида Адлия вазирлигига 3та қонун, битта президент қарори ва учта ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси юклатилган. Шу маънода аукцион тизими соҳаси ҳам янада ривожлантирилади. Аукцион тизимини ҳам янада шаффофлаштириш учун янги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Аукцион тизимини шаффофлаштириш бўйича Ахборот коммуникациялари вазирлигига ҳам тегишли топшириқлар берилган.

Ер сотиш аукцион орқали амалга оширилиши қатъий белгиланган бўлса-да, аукционсиз бериб юбориш ҳолатлари кўп аниқланган. Шундан келиб чиқиб қонундаги бўшлиқларни ҳам такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар берилган.

– Агар бу тартибга амалдорлар, мансабдорлар амал қилмаса, уларни қандай ҳуқуқий оқибатлар кутади?

– Фармонга асосан тезкорлик билан ер майдонларини нотўғри ажратиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, мувофиқлаштириш республика кенгаши тузилди. Кенгашнинг ишчи органи Бош прокуратура ва ҳудудлардаги прокуратуралар ҳисобланади. Фармон билан бош прокурорга қатъий белгилаб берилдики, жазо муқаррарлиги таъминланади, жиноий жавобгарликкача тортилади.

Биргина Қарши шаҳрида собиқ ҳоким Жамшид Фозилов ва ҳозирги ҳоким Нормўмин Холбоевнинг 2019–2020 йиллардаги қарорлари билан 109та ҳолатда 53 гектар ер майдони аукционсиз тўғридан тўғри бериб юборилган. Ёки Зафаробод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоевнинг 2019 йил 4 августдаги 669-сонли қарори билан Чимқўрғон массивидан хусусий фирмага маъмурий биноларни қуриш учун 3 гектар ер майдони аукционсиз ажратиб берилган. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундай ноқонуний қарорлар Андижон, Асака, Ангор, Бўстон, Муборак, Элликқалъа, Когон, Қизилтепа, Хатирчи, Паст Дарғом, Зангиота, Тошкент, Олтиариқ, Қува туманлари ҳамда Андижон, Бухоро, Наманган, Навоий, Зарафшон, Каттақўрғон шаҳарларида ҳам кўплаб қабул қилинган.

Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида 281та тақдимнома киритилиб, ҳокимликларнинг қонунга зид қарорлари бўйича 1783та протест келтирилди. 61 нафар мансабдор шахс огоҳлантирилиб, 166 нафар шахс интизомий, 77 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 4,1 млрд сўм миқдоридаги зарарни ундириш юзасидан судларга 401та ариза киритилди. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 68та жиноят иши қўзғатилди.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Top