18:29 / 20.10.2021
4931

Олий таълим тизимида 9 ойда 13,5 млрд сўмлик молиявий хатоликка йўл қўйилгани аниқланди

Ўтган 9 ой давомида олий таълим тизимига тегишли муассасаларда 13,5 млрд сўмдан ортиқ молиявий камчиликларга йўл қўйилган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирликнинг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Тошматов маълум қилди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Бошқарма бошлиғи жорий йилнинг 9 ойида вазирлик тасарруфидаги 507 та таълим муассасасида, жумладан 56 та олий таълим ҳамда 408 та касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасасида молиявий назорат тартибидаги профилактик тадбирлар ўтказилгани ҳақида гапирди.

“Ўтказилган молиявий назорат ва профилактика тадбирлари натижасида 245 та таълим муассасасида жами 13 млрд 605,3 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Шундан:

  • 5 млрд 493,2 млн сўмлик мақсадсиз ва ортиқча харажатларнинг олди олинди;
  • 4 млрд 979,3 млн сўмлик қисми профилактик тадбирлар жараёнида ундирилиб тикланди.

996,2 млн сўмлик қисми (ортиқча тўланган иш ҳақи ва бошқа ҳисоб-китоблар) кейинги ойларда ҳисоб-китоб қилиш учун ундирувга қаратилди. Шунингдек, 2 та олий таълим ҳамда 8 та касбий таълим муассасаларида аниқланган 2 млрд 136,6 млн сўмлик хато ва камчиликларда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди”, – дея маълум қилди у.

Таъкидланишича, ушбу аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг:

  • 8 млрд сўми иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда стипендия тўловлари бўйича;
  • 1 млрд 111,7 млн сўм товар-моддий қийматликларнинг камомади ва ноўрин ҳисобдан чиқарилиши бўйича;
  • 128,0 млн сўм таъмирлаш ишлари учун ортиқча қилинган харажатлар бўйича;
  • 267,1 млн сўм ижара тўлови ва бюджетга ўтказилиши лозим бўлган тўловлар бўйича;
  • 4 млрд 62,9 млн сўми эса бошқа турдаги харажат турлари ҳиссасига тўғри келади.

Молиявий камчиликларга йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларнинг

33 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилиб, 21 нафари лавозимидан озод этилди.

Салоҳиддин Тошматовга кўра, ушбу камчиликларни аниқлаш устида вазирликка тегишли аудит бошқармаси, ҳудудий аудит хизмати ходимлари, ОТМлардаги аудит бўлимлар ходимлари иштирок этишган.

Аввалроқ, Аксилкоррупция агентлиги  олиб борилган ўрганишлар натижасида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ва қатор вазирликларда “Йўл харитаси”да кўзда тутилган ишлар қониқарсиз йўлга қўйилаётганини маълум қилган эди.

Top