18:30 / 13.01.2022
19305

Муфтий Нуриддин Холиқназаров Диний идора олдидаги энг муҳим вазифа ва муаммолар ҳақида гапирди

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Kun.uz билан суҳбатда идора олдида турган энг муҳим вазифа ва муаммоларни санаб ўтди.

«Олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Аввало, айтишим керакки, диний идора ўз номи билан барча мусулмонларнинг идораси. Хоҳлардимки, жамиятда яшаётган ва ўзини мусулмон деб билган ҳар бир киши шу идорани ўз идораси деб билса. Чунки, бу идоранинг ютуғи – мусулмоннинг ютуғи, камчилиги эса ҳаммамизникидир.

Бундан ташқари, бугун олдимизда турган энг оғир масала бу – фатво масаласи ҳисобланади. Эътибор бераётган бўлсангиз, ҳозир интернетда, ижтимоий тармоқларда ҳамма фатво беряпти. У хоҳ домла бўлсин, бўлмасин, хоҳ беришга ҳақли бўлсин, бўлмасин. Мана шу масала бизни энг кўп ташвишга соляпти.

Аслида фатво берувчи дегани бу – муфтий дегани. Мен оддий халққа ёки имомларга айтаманки, шу масъулиятни гарданингизга олишдан қўрқинг.

Мен имомлигимда буни билмасдим, лекин муфтийлик масъулияти елкамга тушгач, шуларни ўйлаб, кўзимдан уйқу йўқолди. Чунки эндиликда миллионлаб мусулмонларга фатво беришдек қиёматли масалани қабул қилдим. Бу осон эмас.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров

Шунинг учун, ҳозир бирор фатвони қабул қиладиган бўлсак, ўша масалани аввало уламолардан иборат фатво бўлимимизга тақдим қиляпмиз. Уламолар фатво масаласида барча масалани чуқур ўрганиб, кейин халққа етказяпти.

Биз шулардан келиб чиқиб, фатво масалаларини кучайтирмоқчимиз. Бу борада Аллоҳ насиб қилса, фатво бўлимимизни Фатво марказига айлантирамиз.

Ундаги малакали имомларни эса янада кўпайтирамиз. Керак бўлса, уларни «Дорул-ифто»га малака оширишга ҳам юборамиз.

Бу менинг муфтийликдаги энг катта вазифаларимдан бири», – деди Нуриддин Холиқназаров.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг янги раиси фаолиятидаги яна бир ислоҳот йўналиши сифатида таълимдаги ислоҳотларни кўришини ҳам таъкидлади.

«Президентимизнинг ҳам ҳар икки гапидан бири таълим, илм ҳақида бўлмоқда. Биз мадрасалардаги таълим сифатини ошириш мақсадида ўша жойлардаги илм дастурларини қайтадан кўриб чиқяпмиз.

Ҳозир баъзи мадрасаларда тажриба тариқасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва Усмонхон домланинг (марҳум муфтий Усмонхон Алимов – таҳр.) китобларидан киритяпмиз. Талабалар уларнинг китобларидан ҳам дарслик сифатида фойдалансин.

Услубиятимизни ҳам ўзгартиряпмиз. Бундан ташқари, таълим муассасаларидаги талабаларимиз бир неча тилда гапира олиш малакасига ҳам эга бўлсин.

Албатта, юртда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ҳақ-ҳуқуқи, диний эҳтиёжларини амалга ошириш бизнинг энг катта мақсадларимиздан.

Буларни амалга ошириш учун энг охирги кучимиз қолгунча ишлашни мақсад қилганмиз», — деди Нуриддин Холиқназаров.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Top