Тошкентда ерусти метронинг 2-босқичи қачон ишга тушиши маълум қилинди
Президентга қилинган тақдимотда маълум қилинишича, Тошкент ерусти метросининг 2-босқичи доирасида 5та бекат шу йил охирида, қолган 2таси кейинги йил Наврўз байрамига ишга туширилади. Замонавий электропоездлар олиб келиниб, Тошкентдан Ҳожикент, Бекобод ва Ангренга тезюрар қатнов йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилиши билан танишиш чоғида жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш ва метрополитен инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Бугун, 13 июн куни президентга ушбу ишларни ташкил этишга қаратилган лойиҳалар тақдим қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қурилаётган ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичини давом эттириб, Сергели йўналиши билан боғлаш, замонавий қурилиш услубларини татбиқ этиш, метро поездларини янгилаш, йўловчи оқимини янада ошириш режа қилинган.
Маълумки, ерусти метросининг иккинчи босқичи доирасида бешта бекат шу йил якунида ва қолган иккитаси келгуси йил Наврўзда ишга тушириш мўлжалланган. Бу орқали 62 та маҳалладаги 250 мингга яқин аҳоли метрополитен билан қамраб олинади.
Шавкат Мирзиёев барча йўлларда инсонларга қулайлик ва хавфсизлик биринчи ўринда бўлиши лозимлигини таъкидлади. Метрополитен учун 14 та янги поезд олиб келиш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда метрополитенни комплекс ривожлантириш ҳамда Транспорт университети билан биргаликда профессионал кадрлар тайёрлаш учун хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш муҳимлиги айтилди.
Тошкентда жамоат транспорти етиб бормаган 26 та маҳаллага автобус йўналишлари очилиб, метро билан боғланади. Бунинг учун қўшимча электробуслар харид қилинади.
Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент вилоятидан пойтахтга кунига 1 миллиондан зиёд йўловчи кириб келади. Уларни метро бекатларига йўналтириб, ҳам аҳолига, ҳам транспортларга енгиллик яратиш зарурлиги қайд этилди.
Замонавий электропоездлар келтириб, “Тошкент – Ҳожикент”, “Тошкент – Бекобод” ва “Тошкент – Ангрен” йўналишида тезюрар қатнов йўлга қўйилиши белгиланди.
Янги метрополитен йўналиши бўйида жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Лойиҳаларни такомиллаштириб, қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Мавзуга оид
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024