15:33 / 16.06.2022
12614

АҚШ федерал захира тизими базавий ставкани кескин оширди

1994 йилдан бери биринчи марта АҚШ Марказий банки базавий ставкани кескин оширди. Бу Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли рекорд даражага етган инфляцияни секинлаштириш билан боғлиқ.

Фото: AP

АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) базавий ставкани 0,75 фоиз пунктга оширди. Бу ҳақда 15 июнь, чоршанба куни регулятор сайтида эълон қилинган хабарда айтилган.

Бу 1994 йилдан бери энг кескин ўсиш бўлиб, ҳозир у 1,5-1,75 фоиз оралиғида. Шу тариқа, ФЗТ АҚШда 1981 йил декабридан бери энг юқори даража - 8,6 фоизга етган инфляцияни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.

Расмийлар товарлар нархининг бундай кескин ошишига Россиянинг Украинага бостириб кириши ва бунинг жаҳон иқтисодиёти учун оқибатлари, шунингдек, Хитойда таъминот занжирларига таъсир кўрсатаётган коронавирус чекловларини сабаб сифатида келтирган. 

«ФЗТ узоқ муддатда максимал бандлик ва инфляцияни 2 фоизга етказишни мақсад қилган», - дейилади регуляторнинг баёнотида. У бундан кейин ҳам фоиз ставкалари оширилишини эълон қилди. 

ФЗТ раиси Жером Пауэлл бугунги ўсишни «ғоят катта» деб атади ва «бундай катта қадамлар одатий ҳолатга айланишини кутмаётгани»ни айтди. Кейинги йиғилишда регулятор ставканинг 0,5 фоизга ёки яна 0,75 фоиз пунктига кўтарилишини муҳокама қилади, деди Пауэлл. 
 
ФЗТ, шунингдек, АҚШ иқтисодиёти учун ўсиш прогнозини пасайтирди. Энди регулятор мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда март ойида кутилганидек 2,8 фоиз ўрнига 1,7 фоизга ўсишини кутмоқда. ФЗТ маълумотига кўра, ишсизлик даражаси 3,7 фоизга кўтарилади, бу ҳам март ойидаги прогноздан ёмонроқдир, дея таъкидлайди CNN. 

АҚШ Меҳнат вазирлигининг рекорд даражадаги инфляция ҳақидаги ҳисоботини шарҳлар экан, президент Жо Байден буни «Путиннинг озиқ-овқат ва газга солиғи» деб атади. «Биз ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаганмиз», деди Байден. 

Коронавирус пандемиясининг иқтисодий таъсирига қарши курашиш учун ФЗТ 2020 йил март ойида асосий ставкасини нолга туширди ва қарз олишни деярли бепул қилди. Ушбу «осон пул сиёсати» уй хўжаликлари ва корхоналарнинг харажатларини рағбатлантирди, лекин шу билан бирга, инфляцияни кучайтирди ва иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари «қизиб» кетишига туртки берди. Энди эса ФЗТ ҳозир унинг ўсишини секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда, деб таъкидлайди CNN телеканали. 

Инвесторлар бундай ҳаракатга тайёр эдилар, деб ёзади Bloomberg сўровда қатнашган таҳлилчиларга таяниб. Dow Jones индекси янгиликдан кейин 1 фоизга, S&P 500 - 1,5 фоизга, Nasdaq Composite  2,5 фоизга кўтарилди. «Инвесторлар регуляторнинг ҳаракатини инфляцияни пасайтириш бўйича қатъий мажбурият сифатида талқин қилди», деб тушунтирди CNN.

Top